Алишер Навоий кўчасининг асфальт қопламаси таъмирдан олдинги ҳолати ҳам ёмон эмас эди. 14 февраль куни унда яна таъмирлаш ишлари бошланганди. Чуқурлару, емирилишларсиз йўлни таъмирлашга сабаб бу кўчадан «катталар»нинг ўтишими? Бюджетдан қанча пуллар сарфланади бу ишларга?
Rost24 мухбири томонидан берилган саволга Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш «Лойиҳа офиси» директори Муроджон Абидов жавоб берар экан, Навоий кўчасининг тез-тез таъмирланишини ушбу кўчада транспорт оқими кучлилиги ва йўл транспорт ҳодисалари, пиёдаларнинг жароҳатланиш ҳолатлари кўплиги билан изоҳлади. Авваллари Навоий кўча тўлиқ асфальт эди, энди кўча ўрталарида гуллар экиладиган жойлар ажратиляпти.
«Фуқароларимизнинг ҳаёти ва саломатлиги бюджетдан ажратиладиган пуллардан кўра қиммат туради»,- дейди Абидов.
Пойтахтга трамвай қайтиши борасида режалар бор. У қайтадиган бўлса яна йўл қайта таъмирланмайдими?
Абидовнинг айтишича, кўчаларга трамвай қайтишини ўйлаб кўришимизга уч ой муҳлат берилган, ҳозирча режада Навоий кўчада йўналиш бўлиши назарда тутилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Навоий кўчаси бўйлаб ҳар икки томондан йўлнинг энг четки ўнг бўлаги фақат жамоат транспорти учун мўлжалланган бўлиши маълум қилинганди. Реконструкцияда йўлнинг габаритлари кенгайтирилмаслиги, унинг четида автомобиллар тўхтаб туриши учун жой ҳам бўлмаслиги февраль ойида айтилган.