"Муаллимлар ҳам овқат ер экан!"

01.10.2021 21:01

Ҳаётий воқеа

Бизга муаллимамиз Фотима опа энг аввал “О” ҳарфини ўргатди.

− “О” ҳарфларнинг энг соддаси, − деди Фотима опа. − Қолган ҳарфлар “О”нинг болалари”.

Унгача “таёқча” ва “илмак” чизишни ўрганган эдик. Кейин “О”га илмакни қўшдик, “а” бўлди. Кейин иккита “таёқча”нинг ўртасига битта “таёқча”ни кўндаланг чизсак, “н” ҳарфи пайдо бўлишини ўргандик.

Эртасига мен, етти ёшли болакайнинг ҳаётида энг қувончли воқеа содир бўлди. Ҳаётимизда илк бор ўрганган ҳарфларимиздан СЎЗ ёздик.

Бу “Она” деган сўз бўлди.

Ўша кунги ҳиссиётларимни ҳали-ҳали энтикиб эслайман. Уйга юриб эмас, югуриб эмас, учиб келгандим ўшанда.

Акаларимга дафтаримни кўрсатиб, улардан сўрадим:

− Ростдан ҳам мана шу ёзганимиз сўзми? “Она”ми?”

− Ҳа, “Она” деган сўзни ёзибсан, шунга шунча ҳовлиқаяпсанми? − деди Облоберди акам. − Ҳали миллионта сўз ёзасан.

Онамга дафтаримни кўрсатиб, яна бир марта ҳақиқатан сўз ёзганимни тасдиқлатиб олгим келди:

− Онажон, қаранг, мана шу ёзув нима?

Онам дафтаримга кўз югуртириб, деди:

− Ў-ҳў, икки бетни тўлдириб, “Она” деб ёзиб чиқибсан-ку, болам!

Демак ростдан ҳам сўз ёзибман-да!

Ростдан ҳам “Она” деб ёзибман-да!

Онамни қучоқлаб олдим.

− Онажон, ҳадемай сизнинг отингизни ҳам ёзаман!

“Қолган ҳарфлар “О”нинг болалари” экани рост экан, иккита “о”нинг ўртасига таёқча чизсам “ф” бўлди, иккита таёқчани бир-бирига мингаштириб чизсам, “т” бўлди, “о”нинг устига илмак чизсам, “б” бўлди. Ана шу ҳарфлардан онамнинг исми чиқди: “Офтоб”. Ўша куни дафтаримнинг икки бетини “Офтоб”га тўлдириб, уйга чопдим.

Мен онамга берган ваъдамни бажардим.

Онам бунинг мукофотига янги кўйлак тикиб берди.

*****

Бешинчига ўтдик. Фотима опамиз “кичкина мактаб”да қолди. Биз “катта мактаб”га келдик. Бизларга “катта мактаб” ёқмади. Математикадан бошқа муаллим, она тилидан бошқа муаллим, расмдан алоҳида муаллим кирар экан. Ҳатто жисмоний тарбиянинг ҳам ўқитувчиси алоҳида экан. Ҳаммасининг феъли ҳар хил. Ёзишга улгурдингми, улгурмадингми, ишлари йўқ. Ёза олмаётган нарсангни бу мактабда ҳеч ким қўлингдан ушлаб, ёзишни ўргатмас экан. Олдин яхши эди, ҳаммасини Фотима опа ўтарди. Эртаси куни синфдошларимиз билан келишиб, “катта мактаб”дан қочиб кетдик.

− Энди сизлар катта ёшли ўқувчилар бўлдиларинг, қаранглар, менинг ҳам энди бошқа ўқувчиларим бор, − деди Фотима опа бир синф кичкина болаларни кўрсатиб. − Энди шунга кўникинглар, катта синф ўқувчиларига ҳар бир фанни алоҳида ўқитувчи ўтади. Бундан кейин мактабдан қочиб келманглар, мени уятга қўясизлар. Юринглар, сизларни ўзим олиб бориб қўяман.

Фотима опа бизларни катта ўқитувчиларнинг қўлига топшириб кетди. Биз бир-икки кун онаси бегоналарга ташлаб кетган болаларга ўхшаб юрдик. Кейин синф раҳбаримиз Нурия опа Фотима опанинг ўрнини босди. Биз ҳамма “дардимиз”ни Нурия опага айтадиган бўлдик.

*****

Еттинчи синфда ўқиётганимизда Зиёдулла одамнинг ишониши қийин бўлган бир гапни топиб келди:

− Муаллимлар ҳам овқат ер экан!

Ҳаммамиз тошдек қотиб қолдик!

− Наҳотки?

− Йўғ-е?

− Ол-а! Роса олиб қочасан-а?

− Ўлай агар! − қасам ичди Зиёдулла. − Султонов муаллим кеча бизникига борди. Яшириниб олдим. Отам билан гаплашиб турувди, онам шўрва сузди. Султонов муаллим отам билан бирга бир коса шўрва ичди. Ўлай агар ичди!

Бизлар анграйиб қолдик. Ишонайлик десак, Султонов катта муаллим, ишонмайлик десак, Зиёдулла қасам ичиб турибди. Биргина Майсара бу ҳолга ҳайрон бўлмади.

− Нимага ажабланасизлар, Фотима муаллимамиз ҳам овқат ерди, мен биламан-ку?

Ҳа, Майсара билади, у Фотима опамизнинг синглиси эди.

Ўша куни бир ҳақиқатни англадик: муаллимлар ҳам овқат ер экан!

*****

Ўқитувчиларимизни қаттиқ ҳурмат қилар эдик. Тўра муаллим, Ҳабиб муаллим, Нодирова, Баҳриддинов каби муаллимларимизни билими зўрлиги учун, Мелиев муаллим, Доно муаллим, Салимова муаллима, Гулсара муаллималарни худди отамиз ёки онамиздек бизга ғамхўр бўлганликлари учун севардик. Нурия опамиз эса бизга опамиздек меҳрибон, дўстимиздек сирдош эди. У кишининг ўрнига бошқа синф раҳбари қўямиз, дейишганида “Ўқиш ташлаш” қилганмиз.

Бу ўша замонда оламшумул воқеа бўлган, аммо Нурия опамизни шундан кейин раҳбарликда қолдиришган.

Нодирова билан Баҳриддинов муаллимларимизга ниҳоятда ҳавас қилар эдик. Улар ҳам биз юрган йўлдан мактабга келишарди, аммо уларнинг оёқ кийимларига гард юқмас, доимо ярақлаб турарди. Биз ҳам шу йўлдан келиб, баъзан тиззамизгача лой текканидан ажабланардик. Бир неча марта улар мактабга қайси кўчадан келишар экан, деб пойлаганимиз эсимда.

Биз Нодированинг билими зўрлигини, мулойим сўзлигини, чиройли кийинишини бемалол мақтар эдигу, қизлар Баҳриддиновнинг кийган кийимлари ўзига ярашишини, доимо чиройли дазмолланган костюм, оппоқ куйлак кийиб, чиройли бўйинбоғлар тақиб келишини, қаддини ғоз тутиб юришини мақташганларида озгина рашк ҳам қилардик. Кейин билдириб-билдирмай, у кишидек кийинишга ҳаракат қилардик.

Энг қизиғи, худди ўқувчидек кийинса-да, бўйнига биз тақадиган алвон бўйинбоғ тақиб юрса-да, ҳатто кўзига кўзойнак тақса-да, энг яхши кўрганимиз, биз учун энг чиройли кийинадиган, ўзи ҳам энг чиройли бўлган муаллима Нурия опамиз эди...

*****

Юқори синфларга ўтганимизда бизнинг ҳам айримларимизга ўқитувчиларнинг алоҳида меҳри тушди. Ўқитувчилар аълочиларимизни танлаб олиб, ўзларига шогирд тутишди. Фанларидан қўшимча дарслар ўтиб, бизларни фан олимпиадаларига олиб борадиган бўлишди.

Менга Ҳабиб муаллимнинг меҳри тушди. Мен мактабда-ку у кишидан узоқлашмас эдим, дарсдан кейин уйларига ҳам бориб, математикадан масала ечишни ўрганар эдим. Мактабни битирадиган йилим “Олий ўқув юртига кирувчилар учун математикадан мисол ва масалалар тўплами” деган китобни устозим билан бошидан охиригача ечиб чиққан эдик.

Устозимнинг меҳнатлари зое кетмади, мен имтиҳонни “аъло”га топшириб, университетга ўқишга кирдим. Яхши ўқидим.

Бироз олдинга кетиб, устозимнинг яна бир мардлигини айтаман.

Ўқишни битириб, ўзим ўқиган мактабга ишга келганимда директор мени ишга ола олмаслигини айтди:

− Математикларимиз етарли, бизда ортиқча дарс йўқ.

Шалвираб чиққанимни кўрган устозим нима гаплигини сўради. Айтдим.

− Қани, юр-чи!

Устозим мени етаклаб, директорнинг олдига кирди.

− Мен дарсларимнинг ярмини Каримбердига берсам, уни ишга оласизми?

− Оламан, − деди директор.

− Унда олинг!

Ана шундай қилиб ишга кириб қолдим. Кейин устозим дарс ўтиш усулларини ҳам ўргатиб, дарсларимни бирга-бирга ўтган кунлари ҳам кўп бўлди. У кишидан кўп нарса ўргандим. Уч-тўрт йил бирга ишлагач, қолган дарсларини ҳам менга бериб, нафақага чиқиб кетди.

*****

Ҳазратқул отасининг катта ўғли эди. Онасига бир ёрдамчи керак бўлиб, мактабни тугатганимизданоқ, уни уйлантириб қўйишди.

Биз, Ҳазратқулнинг синфдошлари куёвжўра бўлиб, унинг ёнида тура олмаганмиз. Ақалли тўйхонага кириб, бошқа меҳмонларга ўхшаб ўтира олмаганмиз. Сабабини айтсам, ишонмайсиз.

Тўйга ўқитувчиларимиз келишган эди!

Ўқитувчиларимиз келган тўйларга бориб, шаҳардан келадиган артистларни девор ортидан томоша қилишга ҳам ҳайиқар эдик.

− Тўйхонада Мелиев муаллим бор экан!

Ана шу гап етарди бизга. Бир зумда тум-тарақай бўлардик. Айниқса, Қурбон муаллимни кўрсак, тўй бўлаётган кўчадан ҳам ўтмасдик. У киши бизни бунақа жойларда кўриб қолса, айтадиган гапи битта эди:

"Кўзингнинг оловини чиқараман!"

*****

Бу гапларни ёзмас эдим. Тўққизинчи синфда ўқиётган қўшнимнинг ўғли айтган гап буларни ёзишимга туртки бўлди.

"Кеча синфдошим билан тўйда ўтиргандик. Биз билан битта столда ўтирган, синфдошимдан сигарет сўраб чеккан ўқитувчимиз кўп ичганидан ўзини билмай қолди. Уни синфдошим иккаламиз судраб, уйига олиб бориб ташладик."

*****

Мен ўз ўқитувчиларимни ҳали ҳам қаттиқ ҳурмат қиламан!

Мен ўз ўқитувчиларимдан ҳали ҳам ҳайиқаман! Гарчи бирортаси “Кўзимнинг оловини” чиқармаган бўлса ҳам!

Мен ўз ўқитувчиларимни бугун “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” билан табриклайман!

Уларга ўша, биз билган мартабада, даражада, унвонда қолишларини тилайман!

Каримберди Тўрамурод

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.10.2021 22:49
Эътибор учун раҳмат!