2026 йилда қайси солиқ ставкалари оширилади?

22.12.2025 11:42

Келаси йил Ўзбекистонда қатор солиқ ставкаларида ўзгаришлар бўлади, айрим маҳсулотларга янги солиқлар жорий этилади. Бу ҳақда 18 декабрь куни ўтган Сенат мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, келаси йили мамлакатда асосий турдаги солиқлар ставкалари ўзгармайди.

“2026 йилда фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз миқдорида сақланиб қолади. Айланмадан олинадиган солиқ (4 фоиз), қўшилган қиймат солиғи (12 фоиз), юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси (1,5 фоиз) ҳам ўзгармайди”, деди бош вазир ўринбосари.

2026—2028 йилларга мўлжалланган Бюджетномада қатор солиқлар ставкаларига ўзгартиришлар киритилиши қайд этилган. Хусусан, 2026 йил 1 январдан ер, мол-мулк, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 7 фоизга оширилади. Ер қаъридан фойдаланганлик учун қатъий солиқ ставкалари ҳамда мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахсларга солиқ солиш мақсадида қўлланадиган ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳам 7 фоиз кўтарилади.

2026 йил 1 январдан товарлар (ишлар, хизматлар) электрон савдоси билан шуғулланувчилар учун фойда солиғи 15 фоиз (амалда 10 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз (амалда 3 фоиз) ставкада белгиланади.

Жамшид Қўчқоров 2026 йил 1 апрелдан таркибида шакар ёки ширинлаштирувчи модда бўлган энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликлар учун прогрессив солиқ ставкалари жорий этилишини айтди. Яъни ичимлик таркибидаги шакар миқдори ошгани сари кўпроқ солиқ тўлашга ўтилади. Агар 100 мл ичимликда 5 граммгача шакар бўлса, 1 литр учун 500 сўм (амалда ҳам шунча) тўланади. Янги тартибга кўра, миқдор 5–10 граммни ташкил этса, ҳар литрга 515 сўмдан, 10 граммдан кўп шакар учун литрига 535 сўмдан солиқ тўланади.

Таркибида шакардан бошқа ширинлаштирувчи моддалар бўлган ичимликларга 1 литри учун 500 сўм, энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларга акциз солиғи ставкаси 1 литрига 2 150 сўм этиб белгиланди.

2026 йил 1 апрелдан нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва якуний истеъмолчиларга сотишда белгиланган акциз солиғи ставкаси 7 фоизга оширилади.

Вазир 2026 йил 1 апрелдан истеъмолга тайёр 1 килограмм картошка чипслари учун 15 минг сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилишини билдирди. Ушбу акциз солиғи картошка чипсларини ишлаб чиқарувчи юридик шахслар ва Ўзбекистон ҳудудига товарларни олиб кирувчилар томонидан тўланиши белгиланди.

2026 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқ тўлашдан ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга ўтаётган корхоналар 1 йилга фойда солиғи тўлашдан озод қилинади. Шу билан бирга, уларнинг бухгалтерия харажатларини 6 ой давомида солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташлаш тартиби жорий этилади. Мазкур чегирма ойлик бухгалтерия харажатлари меҳнатга ҳақ тўлашдаги энг кам миқдорнинг 3,5 бараваридан ошмаган қисмига тегишли.

Келаси йилдан фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмгача оширилади.

“Корхоналар ўз маблағлари ҳисобидан ижтимоий инфратузилма, яъни электр, газ, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти, канализация ва йўл қуриб, тегишли тармоқ ташкилотларига бепул берса, қилган харажатларини фойда солиғидан чегириш имконияти яратилади”, деди Жамшид Қўчқоров.

Январдан йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди (амалда 4 фоиз). Келаси йилдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштирилган маҳсулотлар реализацияси учун ҚҚС нол ставкаси жорий этилади. Уларга ҚҚСнинг салбий фарқ суммаси уч кун муддатда автоматик тарзда қайтариб берилиши кўзда тутилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар