АҚШ собиқ президенти Жо Байден сиёсатдаги узоқ йиллик фаолияти туфайли мамлакат тарихида лавозимини тарк этган давлат раҳбарлари орасида энг катта нафақани олиш имконига эга бўлди. Унинг йиллик нафақаси 417 минг долларни ташкил этади ва бу ҳатто президентлик давридаги маошидан ҳам юқоридир. Бу ҳақда Миллий солиқ тўловчилар иттифоқи фонди вице-президенти Демиан Бреди New York Post нашрига маълум қилди.
83 ёшли Байден собиқ президент сифатидаги фаолиятининг биринчи йилидаёқ иккита пенсия жамғармасидан катта миқдордаги маблағ олган бўлиши мумкин.
“Бундай катта миқдорда нафақа олиш жуда ғайриоддий, тарихан мисли кўрилмаган ҳолат”, дейди Бреди.
Ундан Байденнинг нафақасини бошқа собиқ президентларники билан таққослаш сўралганда, “Бу шубҳасиз энг каттаси”, дея жавоб берди. Ҳисоб-китобларга кўра, Байденнинг йиллик пенсияси унинг собиқ ўтмишдоши Барак Обама президентликдан кетганидан кейин олган пенсия тўловларидан икки баравар кўп бўлиб, Байденнинг президент сифатидаги йилига 400 минг долларлик маошидан 17 минг долларга юқори.
Бреди таъкидлашича, бу Байденнинг собиқ сенатор, вице-президент ва президент сифатидаги “ўзига хос сиёсий йўли” билан боғлиқ. Айнан шу ҳолат унга давлат томонидан молиялаштириладиган бир нечта пенсия тизимларидан фойдаланиш имконини берувчи “бўшлиқ”дан фойда олишга йўл очган.
Бир пайтлар ўзини Конгрессдаги “энг камбағал аъзолардан бири” деб таърифлаган Байден 1958 йилда қабул қилинган Собиқ президентлар тўғрисидаги қонун ҳамда собиқ сенаторлар учун мўлжалланган Фуқаролик хизмати пенсия тизими (CSRS) доирасидаги тўловларни бир вақтда олиш ҳуқуқига эга.
CSRS тизимидаги йиллик пенсия миқдори Байденнинг Сенатдаги ва вице-президент сифатидаги 44 йиллик фаолияти, шунингдек, шу даврдаги энг юқори уч йиллик маоши асосида ҳисобланади.
Бредининг айтишича, Байденнинг бошланғич сенаторлик пенсияси 166 374 долларгача етиши мумкин. Бунга дастур доирасида турмуш ўртоғи учун ажратилган 18 186 доллар ҳам киради.
Агар собиқ президентнинг йиллик тўловлари унинг энг юқори маошининг 80 фоизи билан чекланмаганида (вице-президент ва Сенат раиси сифатида йилига 230 700 доллар), у CSRS тизими орқали йилига 254 минг доллардан ортиқ нафақа олган бўларди.
Сенаторлик ва вице-президентлик фаолияти учун тўланадиган пенсиядан ташқари, Байден президентлик пенсияси сифатида йилига чорак миллион доллардан ортиқ маблағ ҳам олади. 1958 йилги қонунга кўра, собиқ президентнинг пенсияси ҳукумат вазири (кабинет аъзоси) маошига тенг бўлиши керак. Ҳозирда бу миқдор 250 600 долларни ташкил этади.
Мазкур қонун собиқ президент Гарри Трумен лавозимни тарк этгач, молиявий қийинчиликка дуч келгани ҳақидаги жамоатчилик хавотирлари фонида қабул қилинган. Бироқ ҳозир кўплаб тарихчилар ва мутахассислар Трумен аслида президентликдан кейин миллионер бўлганини ва қашшоқликка яқин ҳолатда яшамаганини таъкидламоқда.
Шунингдек, Собиқ президентлар тўғрисидаги қонун лавозимини тарк этаётган президентлар учун солиқ тўловчилар маблағи ҳисобидан молиялаштириладиган бир қатор қўшимча имтиёзларни, жумладан, ходимлар, жиҳозлар ва офис майдони учун ер ажратишни ҳам назарда тутади.
2026 молия йилида Байден учун 1,5 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратиш режалаштирилган. Шундан 727 минг доллари фақат офис ижараси учун мўлжалланган бўлиб, бу бошқа барча собиқ президентларга ажратилган маблағдан кўпроқдир.
“Бунинг учун ижара ҳақига ҳеч қандай чеклов йўқ. Демак, бу ижараси жуда қиммат бўлган, аҳолиси зич ҳудудда жойлашган бўлиши мумкин ва солиқ тўловчилар ҳисобидан ижарага олинаётган майдон ҳажмига ҳам ҳеч қандай чеклов белгиланмаган. Бу умрбодга таъминланади”, деди Бреди.
Байденнинг вакили New York Post нашрининг нафақа юзасидан изоҳ бериш сўровига жавоб бермади.