Президент томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ижросини самарали ташкил этиш мақсадида тегишли фармон қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистоннинг Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилгани ҳамда Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянс аъзолигига қабул қилингани маълумот учун қабул қилинди. Шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ҳамда ушбу стратегияни 2026–2027 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Профессионал тутинган оила ва ижтимоий кўмак марказлари
Фармонга асосан, 2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонлик натижасида оиласидан ажратилган, шунингдек, зўравонлик хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади. Профессионал тутинган оилалар махсус ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида тайёрланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан тузилган шартнома асосида ушбу оилаларга жойлаштирилади. Ҳар бир бола учун тутинган оилага ҳар ойда энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўлов амалга оширилади ҳамда боланинг яшаш харажатлари давлат ҳисобидан қопланади.
Дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар эса республиканинг бошқа ҳудудларида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Жинсий зўравонликдан жабрланган болалар алоҳида шароитларда жойлаштирилиши мумкин.
Ҳуқуқий ҳимоя ва процессуал кафолатлар
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар процессуал ҳаракатларга жалб этилган пайтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича судга қадар ва суд жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг иштироки мажбурий этиб белгиланди. Жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувлари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади.
Шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик фактлари ҳақида хабар берилмаган тақдирда маъмурий жавобгарлик жорий этилади.
Ижтимоий хизматлар ва таълимга жойлаштириш
2026 йил 1 мартдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар учун “меҳрли оила” хизмати ташкил этилади. Ушбу хизмат доирасида оилавий терапия ва ижтимоий мослаштириш бўйича бепул ёрдам кўрсатилади.Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар уларнинг хулқ-атвори ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда махсус таълим ташкилотларига синовларсиз ва бепул асосда жойлаштирилади. Ҳар бир ўқув йили якунида таълим муассасаларида бундай болалар учун 5 фоизгача қўшимча квота ажратилади.