2025 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан аҳолига тақдим этилаётган чакана хизматлар бўйича 2025 йил сарҳисоб ҳамда истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда банк раҳбарияти, мижозлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Анжуманда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли учун қулай, рақобатбардош ва ишончли хизматлар муҳитини шакллантирмоқда.

Маълум қилинганидек, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг 2024–2026 йилларга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясида мижоз, маҳсулот ва каналлар асосий устувор йўналишлар этиб белгиланган. Айни пайтда банк республика бўйлаб битта ипотека маркази, 60 та банк хизматлари офиси ва маркази ҳамда 539 та банкомат орқали мижозларга хизмат кўрсатмоқда.

2025 йил давомида 24 та янги хизмат жорий этилиб, чакана маҳсулотлар сони 49 тага етказилди. 1 декабрь ҳолатига ажратилган чакана кредитлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 83 фоизга ўсиб, 3 трлн 949 млрд сўмни ташкил қилди. Аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш учун ажратилган кредитлар ҳажми 255 фоизга ўсиб, 1 трлн 126,4 млрд сўмга етди. Чакана кредит портфели қолдиғи эса 13,6 трлн сўмни ташкил этди.

Шунингдек, чакана кредит мижозлари сони 101 043 нафарга етди, онлайн микроқарзлар ҳажми эса 80,3 млрд сўмни ташкил қилди. Омонатлар қолдиғи 94 фоизга ўсиб, 3 трлн 850 млрд сўмга етди, онлайн омонатлар бўйича 387 фоиз ўсиш қайд этилди.

Ҳисобот даврида 152 887 та HUMO, 118 317 та UzCARD ва 41 699 та Visa банк карталари эмиссия қилинди. Халқаро пул ўтказмалари ҳажми 522,9 млн АҚШ долларига етди.

Рақамли каналлар ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “BRB Mobile” иловасининг доимий фойдаланувчилари сони 682 минг нафардан ошиб, илова орқали амалга оширилган транзакциялар умумий ҳажми 4 трлн 651,2 млрд сўмни ташкил қилди.

Матбуот анжуманида янги “Chempion” ва “Sherdor” карталари, шунингдек 2026 йилга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.