«Бу рақамлар ҳеч қайси статистикада йўқ. Виждоним олдида жавоб бериш учун эълон қиляпман» – Президент Қорақалпоғистондаги оғир касалликлар бўйича вазиятга тўхталди

21.09.2021 15:45

Ўтказилган мониторинглар натижасида, Қорақалпоғистонда юқори хавф гуруҳига кирадиган аҳолининг 70 минг нафарида юрак-қон томир, 42 минг – эндокрин, 35 минг – нафас йўллари, 33 минг – ошқозон-ичак, 19 минг нафарида буйрак сурункали касалликлари борлиги аниқланган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди, деб ёзмоқда kun.uz сайти.


“Юқоридаги рақамлар бирорта статистикада йўқ. Мен виждоним олдида жавоб бериш учун эълон қиляпман. Чунки бор гапни борича айтмасак бўлмайди. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари – Нукус шаҳри, Элликқалъа, Чимбой туманларида, қандли диабет – Нукус шаҳри, Қораўзак, Мўйноқ туманларида, нафас йўллари касаллиги – Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманларида кўп учрайди.

Шу боис, ҳар бир маҳаллага бириктирилган “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникалар сурункали касалликларни барвақт аниқлаш бўйича зарур воситалар билан таъминланади. Эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган қон босими ва диабет касалликларини даволаш учун сурункали касали бор беморларга энг зарур дори воситалари бепул тарқатилади.

Йилига ҳар 100 минг аҳолига 66 нафар онкологик касалликлар аниқланиши бизни ташвишга солиши табиийдир. Шу сабабли, 12 та туман энг замонавий компьютер томографлари билан таъминланади. Бирламчи бўғинда аёллар онкологик касалликларини барвақт аниқлаш учун тегишли тиббиёт муассасалари 3 та мобиль маммограф билан таъминланади.

Шу билан бирга, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган 175 ўринли замонавий онкология маркази ташкил этилади. Қораўзак, Тахтакўпир, Шуманай, Қонликўл, Беруний, Тахиатош, Нукус туманлари тиббиёт бирлашмалари лапароскопик ускуналар билан таъминланиб, каминвазив операциялар ўтказиш йўлга қўйилади.

Қорақалпоғистоннинг 500 дан зиёд ёш шифокорлари энг илғор хорижий клиникаларда малака оширишга давлат ҳисобидан жўнатилади. Лекин бу мутахассислар камида инглиз, рус тилларини билиши шарт. Ҳар қанча қийин бўлмасин, бу ишни амалга оширамиз.

Шунингдек, 15 ёшгача бўлган 610 минг нафар бола ва 40 минг нафар ҳомиладор аёл 7 турдаги витаминлар билан бепул таъминланади. Натижада, аёллар ва болалар ўртасида камқонликни 25 фоизга камайтиришга эришамиз”, деди Президент.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар