Тарафкашликка бўлинган журналистика эркин бўла оладими?

17.09.2021 08:29

БИР ДАҚИҚА ЭРКИНЛИК ҲАҚИДА ШАХСИЙ ФИКР

Биз хабар ва мақолаларимизни сотиш даражасига етмаганмиз. Сифатли мақола ва маълумотларни пуллик қилиш билан фейк маълумотлар ва сифатсиз журналистикага медиамайдонни бўшатиб беришимиз мумкин. Шундай экан бизни, журналистларни ким молиялаштиради? 

Уларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши энг ёмон кўриниш. Бунинг оқибати “жаннатдан хабарлар”, бўлаяпти. Аниқроғи, давлат журналистикани эмас, фақат “пропаганда”ни молиялаштиради. Йирик тадбиркорлар томонидан ОАВни молиялаштириш ҳам манипуляция, лоббизм, тарафкашлик ва умуман холисликни йўқолишига олиб келади.

Мисол учун, Алламжонов kun.uzнинг маълум бир акцияларига эгалик қилиши ёки қилмаслигини ундаги Ж.Ортиқхўжаевга боғлиқ материаллари руҳидан ҳам сезиш мумкин.

На давлат ва на йирик тадбиркор журналистларни қутқаролмаса бизни ким қутқаради? Хўш унда журналистлар қаердан пул олиши керак? 

Бу муаммо фақат Ўзбекистон журналистларини эмас, бутун дунё ҳамкасбларимизни қийнаб келмоқда. Жорж Вашингтон университети доктори Жанет Стилнинг айтишича, у Британиянинг “Guardian” нашрини кузатиб боради ва унинг энг яхши мақолалари учун хайрия пули ажратмаса ўзини айбдор сезади. Мана аслида журналистикага халқнинг муносабати қандай бўлиши керак. Аммо биз бунга тайёрмизми?..

Ўзбекистон журналистикаси эса хайрия эвазига ёки бошқа йирик нашрлардек (Washington Post, New York Times, The economist) пуллик хизмат ҳисобига ишлашига кўзимиз етмайди. Журналистикамиз молиявий мустақил бўлмас экан, фикр билдириш эркинлигимиз таҳдид остида қолаверади. Конституциямизда белгиланган эркинликларга фақат ОАВнинг мустақиллиги орқали эришилади. Коррупция, “рўмол”, “қора ойна”лар, ўзини ёқаётган аёллар муаммоси, умуман барчасини фақат эркин матбуот орқали ҳал эта олишимиз мумкин, холос.

Матбуотимизга назар соларканмиз унда давлат ОАВлари, ҳукумат вакилларига яқин блогерлар, тарафкашликка бўлинган матбуот ва гуруҳ бўлиб норасмий тўдага айланган блогерларни кўриш мумкин. Ахир кеча вазир билан дон олишиб чойхонада ўтирган блогернинг холислигига бугун ишониш мумкинми?

Юқорига яқинлашган журналистлар ҳам аввалги ўткир қаламини йўқотаётгандек кўринади. Балки, одамларга тушунтириш вақти келгандир. Ҳақиқий журналистикани, уларни қўллаш кераклигини, ҳақиқий тоза ахборотни блогерлардан эмас журналистлардан кутиш кераклигини одамларга англатиш вақти аллақачон келгандир. “Давлат пропогандачи”лари, блогерларнинг шахсий қарашлари ва фейсбук одамларни ахборот билан озиқлантириши тўғри эмаслигини кўпроқ гапиришимиз керак эмасми. 

Одамларнинг журналистларни танқидларига нисбатан “шахсий ғараз” ёки “қўлида чўп кўтариб юрувчи” дея қарашларига тушунтириш орқали барҳам бериш керакдир балки. 

Одамларга молиявий эркин журналистика қанчалар муҳимлигини тушунтириш, уларни эркин журналистика учун қайғуришга ўргатиш вақти келмадими? Жиддий саволларга олинган жавоблар, содир бўлаётган воқеалар ҳақида хабарлар – бугунги журналистика етиб келган даража шуми? Журналистика ўзи нима эди? Қачон журналистлар йирик тадқиқот ва текширувларни олиб боради? Бунинг учун аввал улар молиявий мустақил бўла олиши керак эмасмикан…

Журналистларнинг молиявий аҳволи ҳақида давлат эмас, халқ қайғура бошлагандагина балки, ҳақиқий журналистика бошланар...

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
15
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
17.09.2021 14:56
Bir vaqtlar AQSh poytaxti Vashington shahrining mer(hokim)i aytgan ekan: "Xudoning inoyatii va "Vashington post" (gazeta) ruxsati bilan shaharda hokimlik qilayapman",- degan ekan.
17.09.2021 14:43
Шу мақоланинг муаллифига раҳмат! Журналистикадаги ҳақиқий аҳволни жуда аниқ ва равшан таҳлил қилибди.
17.09.2021 10:25
Яхши фикр, жамоатчилик ойнаи жаҳони (общественное вещание), матбуоти вп сайтлари керак
17.09.2021 10:03
Muallif kim? Maqolada texnik xatolar, uzilishlar koʻp ekan, qayta tahrirlash, yana boyitish zarur, fikrimcha.
17.09.2021 09:40
Фурсатни бой бераяпмиз. Кейин кеч бўлмаса эди...
17.09.2021 09:21
Жуда хам тугри фикр! Лекин, бугун биз халк деб атаётган оломон буни тушунармикан?!