Тошкентдаги 4 йилдан буён на қурилиши ва на бузилиши аниқ бўлмаётган бинога ким жавоб беради?

30.08.2021 16:41

Маҳалла гузарига ажратилган ерга тадбиркор ўз-ўзидан кўп қаватли уй қуриши мумкинми? Нима учун Тошкент шаҳрида қурилиш ва бузилишлар бўйича ана шундай муаммолар кўп? Гўё шаҳар бедарвозаю, ҳокимлар найрангбоздек...

Rost24.uzга мурожаат келиб тушди, унга кўра ноқонуний қурилмоқчи бўлган бино қурилиши тўхтатилган, лекин ҳали ҳануз чала бинонинг тақдири учун бир ечимга келинмаган. Сабаб нима? Мухбиримиз бу масалани атрофлича ўрганди. Калавани учи яна ҳокимиятга бориб тақалмоқда.

Тошкент шаҳар Олмазор тумани Қора-қамиш 2/1 даҳаси “Истиқбол” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар кўп қаватли уйлари ёнидаги чала қолган қурилиш жойидан хавотирда.

2017 йилда “Истиқбол” маҳалласи Қора-қамиш 2/1 мавзеси 1А, 6 ва 9-уйлар оралиғида бино қуриш ишлари бошланган. 

Ҳужжатларни текшириш натижасида бу қурилаётган кўп қаватли бино ноқонуний эканлиги, аслида бу ерга маҳалла гузари қуриш режага киритилганлиги аниқланган

2018 йилга келиб эса аҳолининг кўп жойларга қилган мурожаати туфайли қурилиш тўхтатилган, лекин, аҳоли учун маҳалла гузари қилиб берилмаган. Аҳоли томонидан Президент қабулхонасидан тортиб, маҳаллий ҳокимиятларгача мурожаат қилинган, аммо ҳеч қандай натижа йўқ.

“Ташландиқ бўлиб қолган бу қурилиш атрофи жуда абгор ҳолатда, қурилиш ичига эса ёш болалар кириб ўйнамоқда. Биз эса нимадир бўлишидан қўрқамиз. Бино қурилмасдан туриб икки марта ёниб ҳам кетди” дейди маҳалла фуқароларидан бири.

Rost24.uz мухбири бу борада Тошкент шаҳар Олмазор туман ҳокимияти, Aрхитектура бўлимидан муносабат сўради. Масъул ташкилотнинг ҳужжатларига кўра мазкур жойда маҳалла гузари қад ростлаши назарда тутилган. Ерни ҳокимият тадбиркорга маҳалла гузари қуриш учун ажратиб берган, аммо тадбиркор кўп қаватли уй қуришни бошлаган. Алалоқибат аҳоли норозилиги туфайли қурилиш тўхтаб қолган.

Қизиқ, маҳалла гузари учун ажратилган ерга тадбиркор нега ўз-ўзидан кўп қаватли уй қура бошлаган? Бунда ҳокимликнинг норасмий алоқаси борми?

Бундай ҳолатлар нафақат Тошкентда балки, бошқа ҳудудларда ҳам тез-тез кузатилмоқда. Жавобгар тарафлар яъни ҳокимликлар эса жим. Гўёки яна шундай найранглар тузиш билан банддек.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
30.08.2021 17:58
Og'zi qiyshiq bo'lsa ham "tadbirkor" gapirsin. Qolaversa, hokimiyatdagilarning ham bir nechtadan xotini bola-chaqasi bor, ularni eldan o'zdirib yeb-ichirishi, dang'illama to'ylar qilishi va Y. Usmonovani olib kelishi kerak, hokimiyat odami degan nomi bor.