Энди Ботаника боғида фестивал ва бошқа байрам тадбирлари ўтказилмайди

28.07.2021 17:12

Rost24.uz ахборот сайтида Ботаника боғида ташкил этилаётган фестивал ва турли тадбирларга чек қўйиш борасидаги бир нечта материаллар эълон қилинган. Унда Марказий Осиёда ягона, ноёб флорага эга боғ таҳликали ҳолатга келтирилаётгани, бу ҳудудда шовқин ва турли ҳаракатларга чидамсиз бўлган дунёда ноёб ўсимликларга зарар етаётгани борасида фикр юритиб, жамоатчиликни огоҳликка чорлаган эди.

Эндиликда Академик Ф.Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғида фестиваллар ва бошқа йирик байрам тадбирлари ўтказилмайдиган бўлди. Негаки, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент “Ботаника боғи”да турли тадбир ва фестиваллар ўтказилишини тақиқловчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Қарор лойиҳасида “Ботаника боғи”да тадбирлар ўтказмаслик, боғни ривожлантириш ва уни дунёнинг гўзал ботаника боғлари сафига қўшиш назарда тутилган.

Бу ҳақида бугун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати залида ўтган тадбирда маълум қилинди.

Қўмита вакили Исломбек Боқижонов rost24.uz сайтида “Ботаника боғи”нинг фестиваллар маконига айлантирилгани юзасидан қилинган танқидлар ўринли эканини қайд этди. Ҳамда бу борада қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб Вазирлар Маҳкамасига таклиф этилганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз: Бундан аввал сайтимизда “Ботаника боғи”да турли тадбир ва фестиваллар ўтказилиши қаттиқ танқид остига олинган ва бир қатор “Марказий Осиёда ягона, ноёб флорага эга Ботаника боғи таҳликали ҳолатга келтирилмоқда”, “Форумдан кейинги Ботаника боғи манзараси” каби мақолалар эълон қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
30.07.2021 13:35
Туппа тугри такиклаб куйиш керак