Косонсойда сел бўлган куни аҳоли табиий офатдан огоҳлантирилганмиди?

17.07.2021 19:28

Сайтимизда “8 нафар фуқаро ўлди. Бунга кимдир жавоб берадими? Ёхуд фалокатдан кейин фалокатлиги ҳақида фақат баёнот берадиган ФВВ" ҳақида мақола эълон қилган эдик. Мақолада агар ўз вақтида аҳоли огоҳлантирилганда, масъул ташкилотлар ўз вазифасига масъулият билан бажарганида, балки бугунгидек фожиалар рўй бермас эдими, деган мулоҳаза ўртага ташланган эди.  

Бугун Косонсойдаги сел ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 нафарга етгани маълум бўлди.

Наманган вилояти Косонсой туманида кучли сел келиши оқибатда 9 нафар ўлим кузатилган, 6 нафар киши жароҳатланган. Rost24.uz ахборот сайти сел оқибатида нима учун 9 нафар фуқаро қутқариб қолинмагани, сел келиши аввалидан аҳоли қай даражада огоҳлантирилгани (умуман огоҳлантирилганмиди) ва қутқариш учун қандай техникалар жалб этилгани билан қизиқди. 

Мақсад табиий офат олдидан вазирлик қанчалар пухта тайёргарлик кўриши ва аҳолини қутқариш учун қанчалар зарур техникаларни жалб этишини аниқлаш эди. Сабаб қонунда белгиланишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифаси офатдан кейин оқибатлар билан курашиш эмас, балки хавф олдини олиш ва профилактика қилишдир.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқовнинг маълум қилишича, дунёнинг ҳеч бир ҳудудида табиий офатларни 100 фоиз аниқ санаси ва соатини аниқлаб берувчи мослама йўқ. Шундай экан сел тез келиши туфайли кўпинча аҳоли орасида қурбонлар кузатилиб туради. “Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам сел оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилади”, дейди М.Содиқов.

Вазирликнинг маълумотига кўра, 13 июль куни “Ўзгидромет” томонидан Республикамизнинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши, ёғингарчиликларнинг кучайиши, кучли шамолларнинг юзага келиши тўғрисида огоҳлантириш бериб ўтилган.

Биз фавқулодда вазиятлар вазирлигининг доимий ва тўхтовсиз равишда табиий офат ва бошқа хавф юзасидан огоҳлантириш бериб боришини биламиз. Аммо, Наманганда сел келган куни оби-ҳаво маълумоти ёғингарчиликнинг кучайишини кўрсатган бўлсада, вазирлик томонидан огоҳлантириш SMS хабарномалари жўнатилмаган. 

SMS хабарномаларни аҳоли ўқиши ва унга қанчалар амал қилиши иккиничи масала, лекин  вазирликнинг вазифаси юқорида қайд этилганидек аҳолини хавфдан хабардор этиш ва олдини олишдан иборат эмасмиди?..

Косонсойда ўша куни табиий офат рўй бергач, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув – қидирув хизмати, миллий гвардия, ҳокимият вакиллари воқеа жойига етиб борган. Қутқариш ишлари учун 500 нафар ходим ва 45 та махсус техника ажратилган. Жалб этилган техника орасида вертолёт бўлмаган. Вазирлик матбуот котибининг сўзларига кўра, мутахассислар қандай техника ишлатишни вазиятдан келиб чиққан ҳолда жалб этади.

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан йил давомида қирғоқлар атрофларини тўсиш ва бошқа сел оқибатини юмшатувчи чоралар кўрилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
11
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
18.07.2021 13:50
Дунё тажрибаси бизга нима кераги бор юкорирокда чегара бор .чегарачилар хабар килса буларди .
18.07.2021 03:29
Дам олиш масканлари барчаси ноконуний. аввал экологи бн МЧС хамкорлигида ёзма огохлантириш олиб борилар эди сойда чумилишни олдини олиш буйича. МЧС га пожарный кушилмаган эди энди чупон купайиб подага куп зарар етяпти мани фикрим хамма узини ишини килган макул пожарный сел нималигини каттан билсин