8 нафар фуқаро ўлди. Бунга кимдир жавоб берадими?

15.07.2021 12:59

Ёхуд фалокатдан кейин фалокатлиги ҳақида фақат баёнот берадиган ФВВ

13 июль куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида сел келиши оқибатида 8 нафар киши вафот этди.

Улар вафот этмас эди, назаримизда агар шу ишларга масъул бўлган ташкилотлар ўз ишини масъулият билан бажарганида.

Ўзбекистонда шундай табиий офатларга қарши курашадиган бутун бир бошли вазирлик бор. Яъни, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Унинг тасарруфида табиий офатларни ўрганиб олдиндан хабар берадиган Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ҳам бор.

Онда-сонда бир бўладиган табиий офатларни ўрганиб олдиндан хабар бериши лозим бўлган марказ шу вақтда қаерда эди, деган ҳақли савол туғилади. Бу ташкилот ёки фалокатлар содир бўлгандан кейин тирик қолганларни қутқариш учун етиб борадиган ташкилотми?..

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисида низомнинг 2-бобида вазирликнинг асосий вазифа ва функцияси белгилаб берилган. Унда шундай дейилади:

фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, улар вужудга келишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш;

Бу бутун бошли бир вазирликнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Косонсойдаги табиий офат эса вазирлик ўз вазифасига масъулиятсизлигини кўрсатиб қўйди. Фуқароларни ва маҳаллий раҳбарларни табиий офатдан олдиндан огоҳлантириши лозим бўлган вазирлик ходимларининг офатдан кейин етиб бориши таажжубли, ҳар ҳолда.

Табиий офат келтирган иқтисодий зарарининг суммасини ҳисоблашнинг ўзи ортиқча. Ачинарлиси, 8 нафар фуқаро вафот этди. 6 ёшли болакайнинг ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрмасдан ўтиб кетиши эшитган ҳар қандай инсонни жумбушга келтиради.

Шу жойда савол туғилади, вафот этганлар учун кимдир жавоб берадими?

ФВВ ҳузуридаги Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази мазкур ҳодисага нима сабаб бўлганини маълум қилди, офатдан кейин ОАВ орқали табиий офатнинг сабабларини очиқлади. Аммо бунинг фойдаси бормикин? ФВВ томонидан берилган баёнотлар вафот этганларни қайтара олмайди.

Масъулиятсизлиги боис хатога йўл қўйган масъул топилиб жазоланмас экан, табиий офатдан кейинги бундай баёнотларнинг охири бўлмайди.

Тан олиб айтиш керакки, бизда қайсидир соҳа уйғониши, ислоҳотлар қилиши учун кимдир ўлиши, одамлар қурбон бўлиши одатий ҳолга айланиб қолган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги уйғониши, сергак тортиши учун 8 нафар инсоннинг бевақт ўлими етар балки. Ёки бу ҳам камлик қилармикин.

Дарвоқе: Матбуот котибларининг журналистларни нохолисликда айблаши удумга айланган юртда яшаётганимизни ҳисобга олиб ФВВ Матбуот хизмати Мурод Содиқовга қўнғироқ қилдик. Косонсойдаги сел тошқини бўйича батафсил маълумотлар олишни ният қилгандик. Аммо ниятимизга етиша олмадик. Чунки нуфузли ташкилотнинг матбуот котиби гаплашишга вақти йўқлиги, икки кундан кейин вақти бўлишини айтиб суҳбатни қисқа қилди.

Худо хоҳласа, икки кундан кейин ФВВ матбуот хизмати билан гаплашиш бахтига муяссар бўлсак, уларнинг ҳам бу ҳақдаги муносабатларини беришимиз мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
28
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.07.2021 10:24
Кечирасиз, Гидрометрология маркази ФВВ тизимида эмас
15.07.2021 18:10
Косонсойда сой буйи хавфсизлик зонаси "каричигача" сотиб булинган. Махаллий ахоли суриларни сув буйига куйиб, тадбиркорлик килишади. Сувга чикинди, ювинди окизилиши экология корхонасини хам ташвишга солиши керак.