Фақат айни дамда суд томонидан уларнинг яқин қариндошлари изланмоқда
Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайти томонидан Олий судга мустақиллигимиз учун курашган, тарихда “босмачилар” номи билан қораланган ватанпарварларимиз номини оқлаш таклифи киритилгани тарихчи Бахром Ирзаев билан бўлган интервьюда кенг ёритилган эди. Таклиф киритилганига 7 ойдан ошиқ вақт ўтганига қарамай ҳамон Олий суд томонидан улар оқлангани йўқ.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида судларининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги муҳим ва долзарб масалалар бўйича ўтказилган матбуот анжуманида юқорида кўтарилган масала юзасидан жавоб сўралди.
Қўшни давлатларда тарихда “босмачилар” номи билан қораланган ватанпарварлар номи оқланиб, улар миллат қаҳрамони даражасига олиб чиқилган. Бироқ, Ўзбекистон Олий суди бу борадаги таклифни ҳамон кўриб чиқишни якунлаганича йўқ.
Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов rost24.uz сайтининг мазкур саволига жавоб берар экан, қатағон қурбонлари ҳам 1980 йиллардаги пахта ишлари қурбонларининг ҳам оқланиши кутилмоқда. Бироқ суд органига иккинчи тарафнинг аризаси зарур бўлгани учун айни дамда уларнинг яқин қариндошлари қидирилмоқда экан.
“Бугунги кунда қатоғон қурбонлари рўйҳати шакллантирилиб, ишлари кўтаррилиб, улар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ундан ташқари 1970-1980 йилларда пахта ишлари билан қамалганларнинг ишлари ҳам ўрганилиб чиқилмоқда. Суд ишлари кўриб чиқишнинг ўзига яраша тартиби бор. Тартибга кўра судда юқори инстанцияда ишлари кўрилиши учун судланган шахс ёки жабрланувчининг шикояти керак. Биз бугунги кунда 1934, 1938 йилларда қатоғон қурбони бўлганларнинг яқин қариндошларини топиш ишлари билан ҳам шуғулланмоқдамиз. Улар топилган тақдирда кейин ишларни қайта кўриб чиқамиз”, дейди Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов.
Эслатиб ўтамиз, Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайтида “Олий судга эътироз: Нега 30 йилдан буён миллатимиз қаҳрамонларини оқламаяпсиз?” номли мақола эълон қилинган эди. Унда олим, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев билан қатағонга учраган, босмачи тамғасини олган, аслида миллатпарвар бўлган аждодларимиз номлари ҳали ҳануз оқланмаётгани юзасидан суҳбат уюштирилган.
Суҳбат эълон қилингач, Олий суд томонидан тарихчи Б.Ирзаевнинг интервьюси юзасидан маълумот берилган. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасида зарур чора-тадбирлар, амалий саъй-ҳаракатлар тизимли равишда давом эттирилаётгани маълум қилинган эди.