Афғонистонлик журналист: биз ҳар куни уйдан чиқишда видолашамиз…

08.07.2021 19:35

Афғонистон муаммоси фақат Афғонистонники эмас!

Сўнги пайтларда Афғонистондаги вазият барчани ташвишга солмоқда. Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар, умуман, дунё ОАВлари эса буни турли қаричда ўлчаб, турли хил хабарлар тарқатмоқда. Рост.24.uz мухбири Афғонистон телерадиосида бир неча йил фаолият юритган, 9 тилни билувчи эркин журналист, Суннатуллаҳ Саадат билан суҳбатлашиб Афғонистондаги асл вазият қандайлигига аниқлик киритиб, Афғонистон фуқароси сифатида муносабатини ўрганди.

Суннатуллаҳ Саадат Афғонистоннинг Қаҳҳор вилояти Хўжа Баҳовуддин туманида улғайган, айни кунда Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Суннатуллаҳ Қобулдаги мактабни тугатиб телевидениеда ишлагани, аммо, нотинчлик туфайли Туркияга кетишга мажбур бўлганини алам билан эслайди.

– Афғонистон дейилганда одамларнинг кўз олдига уруш, нотинчлик, илмсизлик келади. Сиз бундай фикрларга қандай муносабат билдира оласиз?

Суннатуллаҳ Саадат:

“Мана ўзингиз биласиз, ҳар ерда мен афғонман, десангиз сиздан қочади. Нима учун, Афғонистонда уруш бўлаётгани учун. Мана қирқ йил бўляпти Афғонистон уруш билан танилган. Ана шунинг учун бошқа давлатларнинг халқи афғонистонликлардан қўрқади. Сизнинг мамлакатингизда уруш бор, «Толибон», «Ҳаққоний», «Ал-қоида» бор, дейишади. Бизни ҳам улардан ҳисоблашади. Аммо унақа эмас. Афғонистонда илм инсонлари ҳам кўп, тинчлик бўлмагани учун кўпроқ ёшларимиз Афғонистондан қочадилар.”

Афғонистонлик журналист мамлакатдаги сўнгги воқеаларни изоҳлар экан, Ўзбекистон ҳам, бутун дунё ҳам Афғонистон халқининг асл вазияти ҳақида тўғри ахборот бермаслигини айтади. Натижада эса урушлардан безган оддий аҳоли вакиллари чет элларда ҳам турли қийинчиликларга учраётганининг гувоҳи бўлиш мумкин.

“Шунинг учун биз дунё ҳамжамиятидан шуни истаймизки, Афғонистонни бироз тушунсинлар, ёрдам этсинлар, Ҳозирги пайтда Афғонистон миллатининг бунга зарурати бор.”

Нотинчлик айнан мамлакатнинг шимолий ҳудудларида авж олаётганини эса ушбу ҳудудларда ўзбек ва тожикларнинг кўпроқ яшаши, улар эса Афғонистон ҳукуматига кўп бор қарши чиқишгани билан изоҳлайди. Афғонистонда ҳам кўплаб миллатлар яшаши, аммо, улар бир-бирини қабул қилмаслиги, Суннатуллаҳнинг фикрича, мамлакатнинг энг катта муаммоси.

– Болалигингиз Афғонистонда қандай кечган?

“Болалигим яхши кечган. 2001 йил «Толибон» майдондан кетгач ҳаёт яхши бўлди. Ижобий ўзгаришлар анча кўпайди. Аммо 2014 йилдан бошлаб яна Афғонистон яхши кунни кўрмади. Сўнг яна уруш...

Масалан Афғонистондаги вазият қандай бўлган: эрта билан чиқасиз, ҳамма билан видолашиб хайрлашасиз. Оқшом уйга қайтиб келиш келмаслигингиз даргумон. Умидингиз йўқда."

Ҳозирги кунда Афғонистонда 43 та телеканал бор. Аммо Афғонистон демократиясидан ҳам халқимиз рози эмас. Чунки ҳозирги вақтда ёшлар кўпроқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланишади. Ҳар кимнинг ўз саҳифàси бор. Ҳозир эркин журналистлар кўпроқ, улар Афғонистон ҳукумати ҳақида нимадир ёзса, унинг саҳифасини блоклайдилар. Аммо асосий қонунимиз (Конституция)нинг 34-моддасида «Ҳар ким ўз ичидаги гапларни бошқаларга баён қилиб бера олиши мумкин»лиги белгилаб берилган.”

Шунингдек, Суннатуллаҳ Саадат мухбиримизнинг Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» музокаралар учун киришишди, навбатдаги музокаралардан фойда борми, қабилидаги саволига, шу пайтгача бундай музокаралардан фойда бўлмагани, агар Афғонистон ҳукумати жим турса, улар пойтахтни ҳам қўлга олиши мумкин, дея жавоб берди. Унинг фикрича, Афғонистон ҳудудига тинчлик ўрнатиш мақсадида келган Америка қўшинлари ҳам халқнинг дардига дармон бўла олмаган. 

“Улар ўз манфаати учун келиб, иши битгач қайтиб кетмоқда. Парвон вилоятининг Багром туманидаги Америка қўшин базасидан ҳамма олиб кетадиган нарсаларини олиб кетди, олиб кетолмаган нарсаларини буздилар, нияти Афғонистон аскарлари фойдалана олмасин.”

Суннатуллаҳ Афғонистонга борадиган бўлса унга жуда катта муаммолар туғдириши мумкинлигини айтилганида, у журналист эканлигини, агар ўз хавфсизлигини ўйлаганида журналист бўлмаслигини жасорат билан таъкидлади:

"Мамлакатда қанча ҳамкасблари, биродарларим, яхши-яхши илмли ёшлар ўлди. Бунга «Толибон» айбдорми, ҳукуматми ҳеч ким билмайди, бироқ, ҳақиқат айтилиши керак. Ҳеч ким хавфсизлигимни таъминлашини ҳам истамайман. Афғонистонга шу кунларда бораман, оиламни кўраман, бошқалар ўлди-кетди, менга ҳам навбат етиб келса уларнинг қаторига қўшиламан, тамом. Афғонистон халқининг аҳволи жуда оғир, улар «ўлим» тушунчаси билан ёнма-ён яшашади. Эрталаб уйдан кетишда оиламиз билан хайрлашиб кетамиз, чунки, кечқурун қайтмаслигимиз мумкин.

Муаммо шунчалик кўп, аммо энг долзарби бари бир тинчликнинг йўқлиги. Хавфсизлик йўқ – бошқа нарсаларни ўйлашга вақт ҳам йўқ.

Менинг қўшни давлатлардан илтимосим шуки, Афғонистон халқининг ва давлатининг қўлидан тутсинлар."

Мухбиримизнинг дунё бутун бошли мамлакат аҳлининг ўлиб кетишга жимгина қараб турибдими, деган саволга Суннатуллаҳ Саадат шундай жавоб берди:

"Дунё ОАВлари Афғонистоннинг орқа томонини, қора томонини кўрсатишади. Афғонистоннинг позитив жиҳатларини кўрсатмайдилар. Қачонки бирон жойи портласа, вайрон бўлса кейин медиага чиқади. Дунё медианинг устида юради, уни медиа бошқаради. Ёшларимиздан шуни сўрайманки, фақат негатив нарсаларнинг устидан юрмасинлар, Афғонистоннинг жуда чиройли жойлари, Банди Камолхон, Бобур мадрасаси, боғлари, шоирлар мақбаралари бор. Мен буни айрим тошкентликларга исботлаб бердим, улар тинчлик бўлса, албатта, Афғонистонга боришларини айтишди.

Мана шу тинчлик бўлмагани учун ҳеч ким Афғонистонга инвестиция киритмайди. Аммо тинчлик бўлса улар сабр қилиб, мамлакатни гуллаб яшнаши учун қўлдан келганча ҳаракат қилади."

У афғон халқининг ҳурмат қилинишини хоҳлайди, чунки у турли давлатларни кезиб ҳар доим афғонлиги учун қийинчиликка учраган. Ҳатто Ўзбекистон Элчихонасида ҳам унга афғонлиги учун бошқача муомала қилгани, бу эса унга жуда оғир ботганини айтади.

“Сиз ҳам инсон, мен ҳам инсон. Нимага керак айричилик?”

Суннатуллаҳ Саадат Туркия ва бошқа мамлакатларда, Ўзбекистонда ҳам ишлари яхши бўлса ҳам агар қачондир Афғонистонда тинчлик бўлса, албатта, оиласи билан у ерда яшашини ва фарзандининг ўз ватанида улғайишини истайди.

Ҳулкар Муртазоева суҳбатлашди,

Қувонч Тўраев (видео)

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар