ЁХУД 4 йил ичида 4 хил раҳбар курсиси, тартибсиз қурилишлардан халқдан узр сўрашгача...
Бугунги кунда шу жамиятнинг бир аъзоси сифатида давлат амалдорларини ишдан олиш ва тайинлаш жараёнларини кузатиб турган ҳар қандай шахснинг ҳаёлида бир фикр турғун бўлиб тургани табиий.
Бу – ҳукумат тепасидаги амалдорларнинг шохдан шохга сакраб юрувчи қушларни эслатиши. Бир марта раҳбарлик курсисига чиқиб олдингми минг хато қилсанг ҳам турли даражадаги амалдорлик вазифасида айланиб ишлаб юраверасан. Салоҳият, қобилият, ишни олиб бориш кўникмалари иккинчи даражада.
Бугун бошқа бир йўналишда раҳбарлик курсини эгаллаб турган раҳбарни эртага ишдан олингач, умуман бошқа йўналишдаги тармоқ раҳбарлигида кўрмоқдамиз. Ҳукумат тепасидаги бир ҳовуч амалдорлар турли тармоқларда ўзларини синаб кўраётгандек гўё.
Бир тармоқдаги муаммоларни ўрганиб унга ечим топиш учун қанча вақт керак? Ўз соҳасида тайинли ишламай юрганни яна бошқа тизимга ўтказиб раҳбарлик қилиши қанчалик мантиққа тўғри келади? Амалдор раҳбарлиги давомида нима ишларни уддалай олди, деган савол туғилмайдими ҳеч кимда?
Rost24.uz сайти 4 йил давомида 4 хил раҳбарликка сакраган Раҳмонбек Усмоновнинг “юриш”ларини кўздан кечирди.
Раҳмонберди Усмонов 2012 йилдан 2018 йилгача Тошкент шаҳри ҳокими лавозимини эгаллаб келган. Бу вақт оралиғида Тошкентда дарахтларнинг кескин камайиши, тартибсиз қурилишлар рўй берган ҳамда Тошкентнинг бош режаси тасдиқланмай қолаверган. (Бош режа ҳамон тасдиқланган эмас.) Усмонов ҳокимлик қилган даврда шаҳарнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси мавжуд бўлмаган, қурилиш ишларидаги тартибсизлик, инвесторлар фаолиятига тўсқинлик қилиш, шахсий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ оғир вазият бўлган. Сифатли хизматлар пойтахтнинг марказидагина ривожланиб келган.
Бу камчиликларни Усмоновдан кейин пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган Ортиқхўжаев Тошкент Ботаника боғида нишонланган “Топ-500” форумида айтиб ўтган эди.
Раҳмонбек Усмонов 2018 йилнинг апрелидан октябрь ойигача Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган. 7 ой ичида бир раҳбарлик лавозимида самарали иш қилиш мумкинми? 2018 йилнинг 3 октябрь санасидан Раҳмонбек Усмонов Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳокимлиги лавозимига тасдиқланган. 2020 йилда Усмонов COVID-19 оқибатлари билан курашишда йўл қўйган катта хатолари учун оммавий равишда “Оилавий” телеканали орқали халқдан узр сўраган эди.
2021 йил 14 январь куни Раҳмонбек Жаҳонгирович Усмонов Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган. Орадан 6 ой ўтиб, Раҳмонбек Жаҳонгирович «Тошкент метрополитени» УК бошлиғи этиб тайинланди.
Rost24.uz сайти раҳбарликдан раҳбарликка сакраётган амалдорлар бўйича материаллар тақдим этишда давом этади.
Эслатиб ўтамиз: 2019 йил 03.10 санасида Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинган. Мазкур фармонда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш вазифаси юклатилган эди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Президентимиз қўйган шу вазифани уддалай оляптими? Савол ҳозирча очиқ қолмоқда.