Ҳокимларнинг тўғридан тўғри ва текинга ер бериш ҳуқуқи бутунлай бекор қилинди

11.06.2021 15:16

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида ер бўйича фармонга бағишланган махсус очиқ мулоқот ўтказилди

Бугун Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан "Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш ва соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш - долзарба вазифа" мавзусида Очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда Адлия вазирилиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги раҳбарияти ва бошқа мутасаддилар ҳамда ОАВ ходимлари, блогерлар иштирок этди.

Очиқ мулоқотда Президент фармонида ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назоратни кучайтиришга оид бир қатор янги тартиблар эътироф этилди.

Фармон билан ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилмоқда. Яъни, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш амалиёти тўлиқ тугатилмоқда, бунда хусусий сектор учун – мулк ва ижара ҳуқуқини, давлат ташкилотлари учун – доимий фойдаланиш ҳуқуқини қолдириш назарда тутилган.

Асосийси, ноқишлоқ ерларни шаффоф ажратиш мақсадида қуйидаги тартиблар белгиланди:

– ҳоким қарори асосида ерларни тўғридан тўғри ва текинга бериш амалиётини бутунлай бекор қилиш;

– Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига – хусусий мулк қилиб сотиш, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерларни ҳамда хорижий шахсларга – ижара ҳуқуқини электрон аукционда сотиш;

– айрим тоифадаги шахсларга (ҳарбийлар, кам таъминланган оилалар, турар жойи бузилишга тушганлар) ерларни тўғридан тўғри ва бепул бериш ўрнига аукциондан ер сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш;

– жисмоний ва юридик шахслар ихтиёрида бўлган ерларни ҳақ эвазига хусусийлаштириш;

– энг яхши таклифни танлаш (“swiss challenge”) орқали камида 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги йирик инвестиция лойиҳаси ташаббускорига Ҳукумат қарори билан ижарага ер бериш (бунда инвестор лойиҳа суммасининг камида 10 фоизини олдиндан депозитга қўйиши лозимлиги) назарда тутилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар