«Бизнесни ривожлантириш банки» ходимлари хориж тажрибасини ўзлаштирди

06.04.2024 16:29

Жорий йилнинг 4-5 апрель кунлари «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ходимлари учун «Ўзгаришларни бошқариш ва Agile методи» мавзусида ўқув дастури ташкил этилди. Сбер университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу дастурда машғулотлар маҳорат дарслари ва интерактив муҳокамалар тарзида олиб борилди.

Банк трансформациясида илғор халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда банк ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш муҳим ҳисобланади.

Бу борада «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ Сбер университети ва Sbergile мутахассислари билан ҳамкорликда ўқув дастури ишлаб чиқди. Банкнинг 30 нафар етакчи ходимлари 3 ой давомида ушбу машғулотларда муваффақиятли иштирок этди ва Сбер университетининг сертификатларига эга бўлди.

“Мазкур жараёнда банкнинг раҳбар ходимлари ўз фаолиятидаги ўзгаришларни бошқаришнинг Agile услубини қўллаш муҳим ҳисобланади. Бунда раҳбарлардан бошқарувнинг самарали йўлларини топиш, уни тўғри йўлга қўйиш, янги ғоя ва янги ташаббуслар билан чиқиш, илғор технологияларни жорий этиш талаб қилинади. Шунингдек, улар учун муайян гуруҳга етакчилик қилиш ва мураккаб вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади”, – дейди Стратегия бош директори Б.Раҳматов.

Сбер университети ва Sbergile мутахассислари билан биргаликда «Ўзгаришларни бошқариш (Change management)» мавзусида ишлаб чиқилган ўқув дастури ана шу мақсадларни илгари сурди.

Семинар-тренинг давомида Sbergile лидери Антон Савелев иштирокчиларга банк тизимида институционал трансформация жараёнларида янгича механизмларни ўзлаштириш ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўзига хос жиҳатлари ҳамда замонавий бошқарув моделлари бўйича маҳорат дарслари ўтказди.

“Хорижий мутахассислар ҳамкорлигида 3 ой давомида онлайн ва офлайн ўқув жараёнлари амалга оширилди. Бунда банкнинг раҳбар ходимлари асосан «Ўзгаришларни бошқариш моделлари» (Курт Левин, ADKAR), банкни ривожлантиришда «Agile» методининг аҳамияти (Коттер модели), ўзгариш жараёнларида диагностика ишларини амалга ошириш, ўзгаришларда юзага келадиган қаршиликлар билан ишлаш инструментлари, шунингдек, ходимларда лидерлик кўникмаларининг ривожланишига таъсир этувчи омиллар кўриб чиқилди. Яъни, ўзгарувчан вазиятда ҳозиржавоблик билан қарор қабул қилиш ҳамда тезкор қарор қабул қилиш ҳолатлари бўйича кенг ва атрофлича тушунча берилди. Шунингдек, тренинг давомида иштирокчилар ўз билимларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда бошқарувнинг янги усулларини ўрганиш имконига ҳам эга бўлди”, – дейди Банк стратегик ривожлантириш департаменти директори О.Шукурова.

Реклама

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар