“Ўзагросуғурта” раҳбарлари ўзаро курашларда оддий ходимларни “қурбонлик” қилишмоқдами?

30.03.2024 14:54

Ҳужжатларга имзо қўйган раҳбарлар эди, жабрини тортганлар эса, оддий ходимлар. 

“Ўзагросуғурта” АЖдаги ходимларнинг маълум қилишича, 2022 йил Шуҳрат Расулов раис этиб тайинлагач, раҳбариятнинг фикрлари бир жойдан чиқмай янги раис ўзининг ўринбосари М.Миравзаловга қарши кураш бошлаган экан. Янги раис Микрокредит банкдаги таниши Шуҳрат Болтаевни компанияга Ички аудит раҳбари лавозимига тайинлайди.

Янги тайинланган Ички аудит раҳбари эса тафтиш ўтказиш учун йирик корхоналар билан тузилган суғурталар ичидан Судьяларнинг хаётини суғурта қилиш, ЖМ “Ўзавтоморторс”нинг экспорт қилинаётган машиналар суғуртаси ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” AЖ билан қилинган суғурта ишларини танлаб олар экан. Негаки, айнан ушбу корхоналар  М.Миравзалов масъул бўлган ҳудудларга тегишли ишлар эканлиги айтилмоқда.

Ички аудит раҳбари тафтиш хулосаларини прокуратурага, прокуратура эса судга оширади. Бир йилдан ошиқ вақтдан буён суд жараёнлари кетмоқда. 

Айни кунда Зангиота туман Жиноят ишлари бўйича судида кўрилган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” билан тузилган биргина шартнома эпизодини ўрганиб кўрамиз:

Суриштирувларимизга кўра, 2021 йил 2 июль куни “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” (АГМК) ўзининг сайти орқали суғурта шартномаси тузиш бўйича танлов эълон қилган. Хабарни кўрган “Ўзагросуғурта”нинг Шайхонтохур туман ходими Э.Ашуров эълон бўйича ишлашни бошлар экан.

Маълум бўлишича, комбинат масъуллари билан 4 маротаба музокара ўтказганидан кейингина шартнома тузилишига эришилган. 

Шартнома тузилганидан сўнг, 2021 йил 22 июнь куни Марказ менеджери томонидан Тошкент шаҳар филиали раҳбари номига “Ўзагросуғурта” Низомига асосан марказ ходимларининг ҳар ой якунлари бўйича мукофотлаш фондининг чегаравий миқдорини 35 фоиз этиб белгиланиши сўралган (14-06/32 рақамли) хат юборилади.

Қоида бўйича, мазкур мазмундаги хат ўша куни Тошкент шаҳар филиали раҳбари номидан “Ўзагросуғурта” АЖ Бошқарув раиси Сарвар Отамуратов номига  (05-06/805 рақамли хат) ҳам юборилган. Жамият Бошқарув раиси томонидан 2021 йил 22 июль куни имзоланган 10-09 1573 рақамли жавоб хатида эса, сўровномага рухсат берилгани очиқ-ойдин баён этилган.

...Низом талабларидан келиб чиқиб, Шайхонтоҳур суғурта маркази ходимларини мазкур суғурта шартномаси доирасида ҳар ой якунлари бўйича мукофотлаш фондини аниқлашда суғурта мукофотига нисбатан 35 фоизгача миқдорда ҳисоб-китобларни амалга оширишга рухсат берилади”, – дейилади “Ўзагросуғурта” АЖ собиқ Бошқарув раиси Сарвар Отамуратов томонидан имзоланган хатда.

Шахсан Бошқарув раисининг рухсати ва “Ўзагросуғурта” АЖ тизимидаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги НИЗОМ”га кўра, шартнома қилишга эришган жамият Тошкент шаҳар филиали Шайхонтоҳур туман марказ менеджери Э.Ашуров мукофот пулини ўзи олади.

Бугун эса, раҳбарият имзоси ва рухсати билан мукофот пули олган оддий ходим Э.Ашуров Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарининг ўзаро шахсий адоватлари сабаб, суд курсисида айбланувчи бўлиб ўтирибди. 

Ўринбосар М.Миравзалов очилган учта эпизоддан ҳам чиқариб юборилган. Вақтида мижоз топган ходимларнинг 35 фоиз миқдорда мукофот пулларини олишига розилик бериб, имзо чеккан собиқ Бошқарув раиси ҳам судга чақиртирилган.

2016 йил “Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка номзод бўлган собиқ раҳбар Сарвар Отамуратов эса, судда рухсат берганини тан олган. Аммо оддий ходимлар бунчалик олиши керак эмас эди, дея жавоб бериш билан кифояланган. 

Шу ерда савол туғилади: ҳужжатларни имзолаганлар ва рухсат берганлар аслида раҳбарлар эди, аммо бугун оддий ходимлар судларда ҳисоб бермоқда. Ёки амалдорлар учун алоҳида қонун мавжудми?

Мазкур ишда жумбоқли саволлар кўп. Аммо, жавоб берувчилар ғавғоли ишлардан силлиққина чиқиб, ташқарида кузатувчи бўлиб ўтиришибди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар