АОКА: Ишонамизки, журналистларга қилинган хатти-ҳаракатлар учун ИИВ ва МГ ходимларига чора кўрилади

04.06.2021 19:08

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан Rost24.uz ижодкорлари фаолиятига тўсқинлик қилингани бўйича расмий муносабат билдирди

Куни-кеча «Рост24» интернет-нашрининг «Ички ишлар ходимларининг «ички найранглари» ёхуд Миллий гвардия кўз ўнгида ўлиб кетишига оз қолган «мардикор-журналист» кечинмалари» номли мақола Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўрганиб чиқилди.

Мақолада, журналист Анора Содиқова ва унинг ҳамкасбларига нисбатан Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар қилингани, шунингдек журналист шу воқеалар ҳақида материал ёзса, 200 нафар аёл ишхона олдига жанжал кўтариб боришларини айтиб, босим ўтказилгани баён қилинган.

Таъкидлаш жоизки, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасида, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим, 14-моддада эса журналистнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу каби ҳимоявий кафолатлар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 апрелдаги ПҚ-5089-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисида Низом»нинг 2-бобида «Миллий гвардия ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари» белгиланган бўлиб, ходим фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиши, Миллий гвардия обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик асосий одоб-ахлоқ талаблари экани кўрсатилган. Шунингдек, Низомнинг 46-бандида фуқаролар билан муомала маданияти қоидаларини бузган ходимларга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилиши белгиланган.

АОКА айни пайтда давом этаётган хизмат текшируви натижаларини диққат билан кузатиб боради. Ишонамизки, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги амалдаги қонунчилик нормаларини четлаб ўтган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига муносиб ҳуқуқий баҳо беради ҳамда тегишли чоралар кўради.

Энг асосийси, бу каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зиддир. Агентлик, ўз ўрнида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар касбий фаолиятига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
04.06.2021 21:11
Ishdan olish kerak
04.06.2021 21:03
Муносабат билдирилгани яхши. АОКА дан фаоллик кутиб коламиз.