Ўзбекистонда 2020 йилда энг кўп сотилган китоблар рейтинги: улар орасида бирорта ўзбек адибининг асари йўқ

07.12.2020 02:43

“Китоблар олами”нинг энг харидоргир асарлар 10 талиги

Ўзбекистондаги йирик китоб дўконлари тармоғига эга “Китоблар олами”да йил давомида энг кўп сотилган, китобхонларда катта қизиқиш уйғотган асарлар ўнталигини ҳавола этамиз. Уларнинг орасида ўқишга улгурмаганингиз бўлса, мутолаага чорлаймиз.

1. “Уйимни соғиндим” Элчин Сафарли

Э.Сафарли асарида ўз севгисини излаётган, аммо уни қаерда ва қандай кутиб олишни тушунмайдиган икки инсон ҳақида ҳикоя қилади. Асардаги ҳар бир сўз, ҳар бир саҳифа денгиз билан “тўйинган”… унутилмас ҳислар билан боғлиқ ҳолда тасвирланган.

2. “Алиф” Пауло Коэло

2011 йилда ёзилган роман — Пауло Коэло ҳаётидаги янги боб. Автобиографик руҳда ёзилган романида адиб ғайриоддий саёҳатдан ҳикоя қилади. Янгиланиш ва ўсишни излаётган бош қаҳрамон Москвада истеъдодли скрипкачи билан учрашади ва у билан сафар саргузаштларини бошидан кечиради.

3. “Элжернонга аталган гуллар” Дэниел Киз

“The New York Times” нашри томонидан “Ишонарли, ҳаяжонга солувчи ва юракни ларзага келтирувчи асар”, деб таърифланган асар 14 йил мобайнида ёзувчининг ҳаётида рўй бераётган воқеалар билан бойитиб борилган. Ақли заиф инсон тилидан ёзилган ушбу асар инсонни ўз “мен”и билан фикр қилишга ундайди.

4. “То сени топгунимча” Жожо Мойес

Дунёнинг 39 тилига таржима қилинган романда ҳар бир образнинг ички кечинмалари ва яшаш маданияти ўзгача талқинда очиб берилади. Асар ҳаётдан бутунлай умидини узган Уилл Трейнода қайта яшашга муҳаббат уйғота олган Луиза Кларк ҳақида.

5. “Ишққа оид 40 қоида” Элиф Шафақ

Асарда ишқ туйғуси ва одамлар орасидаги ўзаро бир-бирини тушунишдай мураккаб руҳий муаммолар маҳорат билан ёритиб берилган. Шунингдек, асар ўтмиш ва ҳозирга оид мотивларнинг бирлашиб кетиши билан ўқувчи диққатини ўзига тортади.

6. “Қайтганимда уйда бўл” Элчин Сафарли

Севимли адибингиздан яна бир руҳий дурдона. Барча романтик қалблар учун бир нафасда ўқиладиган асар отанинг вафот этган қизига ёзган мактубларидан иборат. Асар сизни нафақат тасвирланган ҳиссиётларни бошдан кечиришга, балки яқинларингизга ва умуман ҳаётга янгича назар билан қарашга ундайди.

7. “Алкимёгар” Пауло Коэло

Бу асар айнан ҳозирги замон китобхонлари учун ёзилгандек ва романнинг ўн етти мамлакатдаги миллионлаб адабиёт мухлислари томонидан севиб ўқилиши шундан далолатдир. Асар сизни ўз мақсадларингиз сари дадил одимлашга чорлайди, чин дилдан қилинган орзулар бир кун ушалишига ишонтиради.

8. “Молхона” Жорж Оруэлл

Aсар фермадаги ҳайвонларнинг хўжайинларини ҳайдаб, ҳайвонлар диктатурасини ўрнатиши ҳақида, масал жанрида ёзилган. Воқеаларга турли томондан қараш мумкин. Китобни ўқиб, жараёнларни тарих, сиёсат, умуман ҳаёт билан таққослайсиз. Содда ва қисқа ёзилган бўлса-да, асарнинг қаеридадир кайфият бирдан ўзгариб, ўқиш “оғир” бўлиб қолади.

9. “Рақамли қалъа” Дэн Браун

Роман адибнинг илк асари бўлиб, 1998 йилда ёзиб тугалланган. Асарнинг ёзилишига Ден Браун ҳаётда ўзи гувоҳи бўлган воқеа сабаб бўлади. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб нусхаларда чоп этилган асар бизда кўплаб танқидий муҳокамаларга сабаб бўлишига қарамай, “Энг кўп сотилган китоблар” рўйхатидан жой эгаллаган.

10. “Тоғлар ҳам садо беради” Холид Ҳусайний

Америкалик афғон адиби ушбу асарида уруш ҳаётини барбод қилиб юборган инсонлар тақдирига мурожаат қилади. Асарда яхлит қаҳрамон йўқ. Пари, Абдулла, Парвона, Маркос, Наби, Идрис, Ваҳдатилар — уларнинг ҳар бири ўз тақдири мисолида яшаётган жамияти, ўзини ўраб турган ижтимоий муҳит ҳақида ўқувчида маълум тасаввур уйғотади

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
14
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар