Маълумки кейинги пайтларда Тошкент шаҳридаги ташқи реклама конструкциялари атрофида турли мазмундаги жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозаралар бўлмоқда.
Бугун, 24 апрель куни мазкур мавзу доирасида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситлари миллий ассоциацияси томонидан ўтказилган очиқ мулоқотда ташқи реклама объектлари бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ўринбосари Э.Бозоров тартибсиз ўрнатилган реклама конструкциялари йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиб, фуқароларимиз ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига жиддий хавф солаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари М.Махкамов айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи реклама фаолиятида солиқ базаси яшираётгани, солиқлар ўз вақтида тўламаётгани, бу эса бюджетга тушумларнинг пасайишига сабаб бўлаётгани, натижада ижтимоий соҳа дастурларини амалга оширишда муаммолар пайдо бўлаётганини маълум қилди.
Қурилиш вазири бошқарма бошлиғи Б.Содиқов ўз чиқишида ташқи реклама конструкцияларини ўрнатишда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига етарли даражада риоя этилмаётгани, шаҳарларимизнинг ташқи қиёфаси ва кўркига раҳна солинаётганини қайд этди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Д.Қамбаров ташқи реклама конструкциялари ноқулай об-ҳаво шароитлари, жумладан, кучли шамол ва ёғингарчиликлар таъсирида фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулкига хавф солаётгани, ушбу конструкциялар фавқулодда вазиятларда қутқарув ишларига тўсқинлик қилаётганига диққатини қаратди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Э.Ҳайтметов, жумладан, ташқи реклама констуркцияларини тартибга келтириш учун тадбиркорлик субъектларига 6 ойдан кўпроқ муддат берилганини, бундан ташқари, медиация асосида ташқи реклама констуркцияларини тартибга келтириш учун судлар томонидан ҳам маълум муддат имконият тақдим этилгани, лекин шунга қарамай, бир қатор тадбиркорлик субъектлари томонидан бу борадаги қонун ижроси таъминланмаганига эътибор қаратди.
Республика манавият ва маърифат маркази раҳбари М.Ҳожиматовнинг таъкидлашича, айрим тадбиркорлар кўпроқ даромад олиш мақсадида ташқи реклама воситаларида миллатимиз тимсолига айланган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа улуғ мутафаккирларимизнинг табаррук сиймоларидан бачкана усуллар орқали фойдаланишга уринмоқда. Халқимиз маънавияти ва қадриятларига очиқдан-очиқ беписандлик ҳисобланган бундай ҳолатлар юртдошларимизнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, яна бир қатор ташкилотлар вакиллари ҳам мавзуга оид муаммоларнинг ечими юзасидан ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.