Самарқандда ном-нишонсиз кўчалар ва рақамсиз уйлар кўп. НЕГА?

01.02.2021 06:01 - 2354

Бундан роппа-роса тўққиз йил аввал Самарқанд туманидан Самарқанд шаҳрига маъмурий жиҳатдан бўйсунишга ўтган 34 та маҳалланинг аксариятидаги кўчаларга ном берилмаган, уйлар рақамсиз қолиб кетган. Бу эса аҳоли ва бир қатор давлат идоралари учун ноқулайликлар туғдирмоқда.

Камина ана шундай маҳаллалардан бири – Боғимайдон маҳалласида яшайман. Мабодо иш юзасидан Тошкент ёки бошқа шаҳарга бориб қолсам, рўйхатга олиш пайтида манзилимни сўрашади. Мен “Самарқанд шаҳри Боғимайдон маҳалласи” деганимда, кўча номини аниқлашмоқчи бўлишади-ю кўчамиз номсиз, уйимиз рақамсизлигини эшитганлар “шаҳар бўлса, қандай қилиб кўчасиз бўлади”, деб ҳайрон қолади.

Биз ҳам ҳайратдамиз. Наҳотки, 30 минг нафардан кўпроқ аҳоли яшаб келаётган маҳаллалардаги кўчаларга ном қўйиб чиқиш учун тўққиз йил камлик қилса? Бунинг учун яна қанча вақт лозим? Аслида бу ишни кимлар, қайси ташкилот бажариши керак?

Ушбу савол билан Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг (ИИО ФМБ) Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Олим Норқуловга мурожаат қилиб, қуйидаги жавобни олдик:

Ободонлаштириш бошқармаси кадастр идораси билан кўчалар ва уларда жойлашган уйлар ҳисобини олиб, чизмасини тайёрлагандан сўнг ҳар бир хонадоннинг рақамини белгилаб чиқади. Одатда олдин кўчаларга ном берилади, сўнгра уларда жойлашган ҳовлиларни тартибли рақамлаш амалга оширилади. Ободонлаштириш бошқармаси тайёрлаган ҳужжат Халқ депутатлари шаҳар кенгашига юборилади. Шундан сўнг Кенгаш қарори билан кўчалар номи тасдиқланади. Қарор нусхаси шаҳар ИИО ФМБга юборилади. Ана шу асосда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (“паспорт столи”) фуқароларни “прописка”дан ўтказади.

Кўриниб турганидек, кўчаларга ном қўйиш иши унча оғир эмас экан. Аммо шаҳарда шу ишга қунт қилиб, уни бажаришга қодир масъуллар йўқлиги, шунга фаҳму фаросати етадиган мутахассис бўлмаганлиги одамни ажаблантиради. Шаҳар “катталари” менинг бу аччиқ гапимдан хафа бўлишмасин. Чунки ушбу муаммони авваллари ҳам кўтарган эдим. Лекин уни ечиш учун ҳаракат қилинмади.

Хўш, нима учун кўчаларга ном қўйиш ва хонадонларни рақамлаштириш бунчалик муҳим? Бу нафақат ўша уйларда истиқомат қиладиган фуқаролар учун, балки турли давлат органлари учун ҳам жуда керак. Каминага Боғимайдон фуқаролар йиғини раиси сифатида деярли ҳар куни ички ишлар органлари, ФҲДЁ, солиқ идораси, почта хизмати, суд ва қатор бошқа идоралардан мурожаат қилишади. Фуқароларнинг аниқ манзилини тополмасдан сарсон бўлганлар “маҳаллада ўзи ушбу шахс яшайдими” деб киноя ҳам қилишади.

Кўча номининг йўқлиги жуда катта чалкашликка сабаб бўлмоқда. Маҳалламиз шаҳар ҳудудига ўтишдан олдин “Тутистон” деб аталарди. У вақтда Самарқанд тумани ва шаҳрида Боғимайдон номли иккита алоҳида маҳалла бор эди. Кейинчалик улар номи ўзгарди. Аммо у ердаги айрим фуқаролар ҳозиргача ўз манзилини Боғимайдон маҳалласи деб кўрсатади. Шу сабабли давлат идоралари ҳам, фуқаролар ҳам ушбу чалкашликдан азият чекмоқда.

Ўтган йилнинг охирларида вазият ўзгарадигандек бўлди. Маҳалламизга кадастр хизматидан икки нафар ёш ходим келиб, кўчаларга ном қўйиш ва уйларни тартибли рақамлаш ишларини амалга оширишга мутасадди этиб белгиланганлигини билдирди. Уларга маҳалламиз фаолларидан бирини беркитдик. Улар икки кун ишлаб, вазият билан танишгач, уйма-уй юриб, тартибли рақамлаш учун тайёргарлик кўра бошлади. Аммо ёш ходимлар қандай келган бўлса, шундай йўқолди. Мана, бир ойдан кўп вақт ўтдики, улардан дарак йўқ. Улар келар, ишини давом эттирар, балки. Аммо ушбу иш билан боғлиқ бошқа бир муаммо юзага чиқди.

Маълум бўлишича, кўчаларга ном қўйиш ва уйларни рақамлаш учун кадастр идорасидан ҳар бир маҳаллага ходимлар бириктирилган экан. Бу ерда бир кўча уч-тўрт, баъзи ҳолларда бундан ҳам кўп маҳалла ҳудудидан ўтиши инобатга олинмаган. Бир маҳаллага келган мутасадди уйларни рақамлашни ўша маҳалла ҳудудидан бошласа, бундан бехабар қўшни маҳаллалардагилар рақамлашда адашмайдими?

Масалан, Афросиёб кўчаси тўртта маҳалла ҳудудидан ўтган. Бу ерга келсангиз, қизиқ бир ҳодиса гувоҳи бўласиз. Кўчанинг бошланиш тарафи ва охири қаерда эканлигини билмаганлар рақамлашни ҳар икки томондан бошлаган. Аслида кўча Боғимайдон маҳалласидан бошланиб, Қир маҳалласида тугайди. Хўш, кўчанинг бошланиши қандай аниқланади? Белгиланган тартибга кўра кўчанинг бошланиш тарафига шаҳардан ташқарига қараб ёки асосий кўчадан кириш йўналиши асос қилиб олинади.

Демак, кўчага ном қўйиш ва уй-жойларни тартибли рақамлашни тўғри амалга ошириш учун маълум тайёргарликка эга, бу ишга фаҳму фаросати етадиган ходимларни жалб этиш керак экан. Фақат битта маҳалла доирасида муаммони ҳал қилмоқчи бўлганлар хато қилади.

Тўққиз йил давомида мутасаддиларни безовта қилмаган муаммога тезроқ ечим топиш шаҳарнинг келажаги учун ҳам муҳим. Чунки “Самарқанд кенгаярмиш, тўртта ёки бешта туманга бўлинармиш, дастлаб аҳолиси 800 мингга, кейинчалик 1 миллион кишига етармиш” деган гап-сўзлар юрибди. Шундай экан, шаҳри азимда уй-жойлар, маъмурий, маданий ва маиший биноларни тартибли рақамлаш ва кўча кўрсаткичларини ўрнатиш ишини тизимли йўлга қўйиш вақти келмадимикан?

Тошпўлат Раҳматуллаев,

журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар