Яна Ортиқхўжаев... Тошкентдаги 21 миллион долларлик заргарлик заводи ҳақида

25.01.2021 10:46 - 6085

Марказий Осиёдаги энг йирик заргарлик корхонаси сифатида қаралаётган “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамиятига Тошкент шаҳар ҳокимлиги эгалик қилмоқда.

Давлат раҳбарининг 2019 йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилингач, ҳокимият заргарлик билан шуғулланишни ўз зиммасига олган кўринади. Юртимизда заргарликнинг ўзига хос йўналишлари, заргарлар оилалари, авлодлари шаклланиб келган бир вақтда заргарлик корхонасини хусусийлаштиришга ишонилмагани табиийдек, гўё.

Ортиқча шубҳаларга ўрин йўқ. Бироқ, баъзи камчиликлар Тошкент шаҳар ҳокимиятининг бу эгалигига соя солиши хунук. Бюджет ташкилоти бўлган Тошкент шаҳар ҳокимиятининг заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан қўшимча даромад қилиши Ўзбекистон қонунчилигига зид.

Агар, қонунчиликка ўзгариш киритиш ёки қўшимча фармон билан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ушбу фаолиятига изн берилса бу бошқа бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради.

Хусусан:

Давлат томонидан йирик маблағ (21 миллион АҚШ доллари) билан молиялаштирилган “Gold Moon Tashkent” МЧЖ корхонаси осонгина майда ва йирик заргарларга зарба бериши мумкин. Давлатнинг биргина тадбиркорлик субъектини алоҳида молиялаштириши қонунчиликка тўғри келмайди. Давлатнинг вазифаси барча тадбиркорлар учун тенг имконият яратиш. Давлат томонидан биргина “Gold Moon Tashkent” МЧЖни молиялаштирилиши соғлом рақобатни синдиради. Ушбу корхонанинг вилоятларда ҳам филиаллари очилса, нафақат Тошкент, балки вилоятлардаги заргарлар ҳам рақобатда йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Мазкур корхона 2017 йили Президент имзолаган ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорларига асосан давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган давлат мулки объектларидан бири сифатида кўрсатилган эди. Демак, корхона махфий стратегик объект эмас. Агар, шундай бўлса уни хусусийлаштириш ҳақида қарорлар чиқарилмас эди.

Заргарлик билан тўқилган сценарий 

"Fonon" заводи ва унинг замирида очилган “Gold Moon Tashkent” МЧЖнинг ташкил топиш илдизлари детектив кино сценарийларини эслатиб юборади.

Тошкент шаҳар ҳокимиятга тегишли бўлган “Gold Moon Tashkent” МЧЖ корхонаси "Fonon" бренди остида заргарлик буюмларини ишлаб чиқариши айтилмоқда. Интеллектуал мулк қўмитаси маълумотига кўра, "Fonon" бренди Technology Development компаниясига тегишли ва унинг 100 фоиз таъсисчиси Дилмурод Расулов. Очиқ маълумотлар базасига кўра, "Fonon" заводи 100 фоиз давлатга тегишли бўлган оммавий мулк шаклига киради. Аммо ушбу бренд номи юқорида айтилганидек, Technology Development компаниясининг мулки. Шунда 100 фоиз давлат томонидан молиялаштирилаётган корхона фойдаси "Fonon" бренди эгаси Дилмурод Расулов чўнтагига ҳам борадими? Дилмурод Расулов компаниясининг электрон манзили эса негадир artelgroup доменида жойлашгани яна нималаргадир ишора қилмаяптими?..

Европада барча солиқлар, даромадлар Римга элтгани учун барча йўллар Римга элтади, деган ибора пайдо бўлганди.

Тошкентда барча (даромадлар) кечирасиз, йўллар Artelgroupга элтаётгандек...

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар