Ҳокимларнинг тунги мажлислари ҳақида кўп хабарлар бериларди. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев янги амалиёт киритди. Энди дам олиш куни ярим тунда халқ билан мулоқот ўтказиш ҳокимларга урфга айланмаса бўлгани. Бу ҳокимнинг кеча-ю кундуз ишлаётганидан даракку нимаси ёмон, дерсиз. Ярим тундаги учрашувлар раҳбар учун қулайдир, лекин, оиласи бағрида дам олиш кунларини ўтказишни режалаштирган ходимлар ва тунда безовта бўлишига тўғри келган халқ учун бу ноқулайликлар уйғотган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Гап шундаки, 2 апрель куни соат 23.30 дан бошлаб Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ҳокими сифатида Тошкент шаҳридаги туманларга бориб, аҳоли билан учрашди.
Бутун тун давомида бир қанча туманларга бориб, фуқаролар билан учрашиб, муаммолар билан танишган ҳокимга кўплаб ходимлар ҳам ҳамроҳлик қилишган. Ҳокимлик телеграм каналига қўйилган ахборотларда биринчи суратни олинган вақти 23.35 бўлса, учрашувларнинг сўнгги сурати тонгги 3.33 да олинганини кўриш мумкин. Бугун 3 апрель куни яна учрашувлар давом этган бўлиб,Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳоким ўринбосари ва секторлар раҳбарлари билан Шайхонтоҳур туманидаги «Учлола» маҳалласида ўрганиш ишларини олиб борди. Шундан сўнг эса яна халқ билан мулоқотлар давом этган.
Сизнингча бу тўғрими?
Ходимларнинг иш вақтидан ташқари, туни билан ҳокимга ҳамроҳлик қилиши, фуқароларнинг учрашувга чиқарилиши қанчалик зарурат эди ва бу меҳнат қонунчилигимизга зид эмасми?
Аввалроқ Reuters нашрида чиққан мақолада Ўзбекистонда давлат хизматчилари кунига 15 соатдан ва дам олиш кунисиз узоқ йиллар ишлаётганлиги, натижада уларда кучли чарчоқ ва стресс борлиги, ўзбек амалдорлари учрашувлар пайтида ухлаб қолишлари ҳақида ёзилган, «33 миллион аҳолига эга собиқ совет республикасида ҳукумат ишчилари орасида узоқ вақт мобайнида шаклланган анъана бор – улар ўз бошлиқлари кетмагунга қадар офисни тарк эта олишмайди», – дея хабар берилган эди.
Шунингдек, мазкур мақолада президент Шавкат Мирзиёев тизимдаги ана шу чарчоқни тушунгани учун ҳам 2019 йил сентябрида давлат хизматчиларига шанба кунлари соат 17:00 да иш жойини тарк этиш ва якшанбани оила аъзолари билан ўтказиш бўйича топшириқ берганини эслаб ўтилган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев мазкур топшириқни унутганми ёки бу топшириқ аллақачон бекор қилинганмиди? Йўқса, давлат қонунчилигининг кафолати бўлиши лозим бўлган амалдор ходимларини шанба ва якшанба кунлари туни билан олиб юриб, бир нечталаб йиғилишлар ўтказиши матбуотда ишчанлик рамзи сифатида фахр билан эълон қилинмаган бўлармиди?
Қолаверса, 2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига меҳнат қонунлари ва ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларига қатъий риоя қилиш буюрилганди. Бу фармойиш ўз кучини йўқотганми?
Эслатиб ўтамиз, бизда Давлат меҳнат инспекцияси деган ташкилот бўлиб у иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунлари ходимларни ишга жалб қилиш бўйича меҳнат қонунларига риоя этилишини назорат қилиши керак.