***
Президент қарорига кўра, Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зона ташкил этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланганига 2 йил бўлмоқда. Бу ҳудудда алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зона таркибида казино ва таваккачиликка асосланган ўйин жойларини ташкил этиш назарда тутилган эди.
Казино қурилиши ва қонунчилик билан мувофиқлаштирилиши ҳамда унга инвестиция жалб қилиш ишлари эса Бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқовга юкланганди. Бироқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги шу вақтгача казино ташкил этишига оид маълумотларни очиқламаган. Шу билан бирга Президент қарорида Мўйноқни ривожлантириш бўйича яна бир қанча устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, уларнинг ижроси ҳамон Сардор Умрзоқовнинг бажариб улгирмаган ишлари рўйхатида қолиб кетмоқда.
Rost24.uz сайти Мўйноқда қурилиши режалаштирилган казино тақдири билан қизиқди. Вазирликнинг сайтга маълум қилишича, бугунги кунда Мўйноқ туманида алоҳида мақомдаги туристик-кўнгилочар зонани ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 25 та манфаатдор вазирлик ва идоралардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилган.
Мазкур ишчи гуруҳлар томонидан жойларга чиққан ҳолда сайёҳлик-кўнгилочар зонани жойлаштириш учун энг қулай локацияни танлаш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий ва салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни баҳолаш, шунингдек, лотереялар ва бошқа қиморга асосланган ўйинларни давлат томонидан тартибга солишнинг халқаро амалиёти ўрганиб чиқилган.
Шунингдек, вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, лойиҳани амалга оширишдаги энг муҳим жиҳатлардан бири юқорида қайд этилган зонани ташкил этишнинг ёшларга таъсирини эътиборга олишдир. Шу сабабли, ишчи гуруҳ ҳар томонлама ўйлаб кўрилган қарорларни қабул қилиш устида иш олиб бормоқда, бу жараён эса таҳлиллар ва ҳисоб-китобларни ўтказиш учун қўшимча вақт талаб этади, дея қайд этди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги масалани ўрганиб чиқаётганига салкам 2 йил бўлмоқда. Аммо шу вақтгача казино қаерда жойлашиши ва инвесторлар бўйича аниқ тафсилотлар берилмаган. Сабаби, Муйноқ туманида махсус мақомдаги туристик-кўнгилочар зонани яратиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзи қабул қилинмаган. Масаланинг айнан шу тарафи кейинги қадамларни белгилаб олишга тўсқинлик қилмоқда.
Шунингдек, юқорида айтилганидек, Президент қарори (ПҚ-4889-сон) бўйича Мўйноқда амалга оширилиши кўзланган ва Умрзоқов зиммасига юкланган қатор ишлар қоғозда қарорлигича қолиб кетмоқда.
***
Президент қарорларини Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги амалда қандай бажараяпти?
Қоғозда ва оғизда бор, аммо амалда йўқ “вазифалар” борми?
Сохта инвестициялар, ҳисобот ва кузатувлар таҳлили.
Давлатнинг ягона инвестиция сиёсатини ким ҳаётга татбиқ этиши керак?
Бу саволларнинг жавоби навбатдаги таҳлилий мақолаларимизда...
Бизни кузатишда давом этинг.