Жаҳон банки Солиқ қўмитасига 60 млн. доллар Давлат статистика қўмитасига эса 50 млн доллар кредит бераётгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг қатор саволлар туғилди. Бу маблағлар нимага сарфланади? Уни режали ишлатилишини ким назорат қилади? Қарзлар миқдори кўпайиб кетмадими?
Rost24.uz мухбири Давлат Статистика Қўмитасининг Халқаро ҳамкорлик ва ахборот алмашув бошқарма бошлиғи Одилжон Мамадалиевдан ажратилаётган кредитни айнан нима мақсадда сарфланиши режа қилингани ҳақида сўради.
Мутасаддининг жавоб беришича, Статистика қўмитаси томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2022-2025 йилларга мўлжалланган Стратегия ишлаб чиқилган.
- «Бу маблағлар асосий фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган бўлиб статистика тизими салоҳиятини илғор давлатлар қаторига чиқариш учун сарфланади. Иккинчи йўналиш сифатида тизим фаолиятида маънан эскирадиган дастурий техник таъминотларимиз, компьютер жиҳозларимиз ва периферияни янгилашни мақсад қилганмиз. Шунингдек, биз замонавий дата марказ ташкил этмоқчимиз. Чунки келажакда тизим бўйича йиғиладиган маълумотларни умумийлаштирувчи серверларимиз кундан-кунга ошиб бораётган маълумотлар ишловида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Яқин орада эса эҳтиёжларнинг ўсиб бориши табиий ҳолат. Бу фойдаланувчи билан мулоқотга киришиш жараёнларини тезлаштиради», - деди Одилжон Мамадалиев.
Унинг қўшимча қилишича, яратилиши режалаштирилган марказ тайёрланган статистик рақамларни тезкорлик билан таҳлил қилиш, уни оммага етказишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 2022 йил якунида 33,5 миллиард доллар, ёки ЯИМга нисбатан 45,2 фоиз миқдорида бўлиши прогноз қилинган эди.
Кейинроқ эса, Ўзбекистонда 2022 йилда олинадиган давлат қарзининг энг юқори миқдори «Ўзбекистон Республикасининг 2022 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунидан келиб чиқиб белгиланди.
Тегишли қонуннинг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг миқдори ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак.
Давлат қарзи қолдиғи 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига 26,3 млрд. АҚШ долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,0 фоизни ташкил этган.