Қорақалпоқ халқи Наврўз байрамини қандай кутиб олади?

30.03.2022 10:03

Наврўз кунлари Мўйноқ ва Элликқалъа шаҳарларида ташкил этилган этнофестивал қорақалпоқ халқининг қадимий удумларини тўлалигича намоён этди

Қорақалпоқлар Наврўз байрамини қандай кутиб олади?

Батафсил Rost24.uz мухбирининг махсус репортажида томоша қилишингиз мумкин.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан 26-28 март кунлари журналистлар учун инфотур ташкил қилинди. 

Биринчи манзил

Журналистлар Мўйноқ аэропортига Тошкент-Нукус-Мўйноқ рейси етиб боришди. Ушбу аэропорт 1947 йилда қурилган бўлиб, олдинлари кичик самолётларни қабул қилган. 1990 йилдан кейин аэропорт авиаташувлар учун фойдаланилмаган. Илгари ушбу аэропортдан Нукус, Урганч, Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларига парвозлар амалга оширилган. Орадан салкам 30 йил ўтиб, 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати қарорига асосан Мўйноқ аэропортини реконструкция қилиш бошланган.

Мўйноқ тумани алоҳида туристик дестинация сифатида бир қатор диққатга сазовор жойларга эга бўлиб, ўзига хос томонлари билан ажралиб туради. Шунингдек, Мўйноқ Орол денгизи билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу шаҳарнинг ҳар томонлама салоҳиятини ўстириш асосий вазифа қилиб олинган десак муболаға бўлмайди.

“Наврўз Мўйноқ этнофестивали” доирасида туман бўйлаб байрамона кўринишлар намойиш этилди. Қорақалпоқ маданияти, миллий урф-одатлари, таомлари, дорбоз ва турли миллий ўйинлар саҳналаштирилди. Мўйноқ туманида шу куни об-ҳаво бироз ноқулай бўлишига қарамасдан Мўйноқ аҳолиси ўзгача кўтаринки кайфият, самимият билан бу тадбирни ўтказди.

Иккинчи манзил

Иккинчи кун эса Элликқалъа тумани ташкил топганининг 45 йиллиги муносабати билан ушбу туманда байрам дастури ташкил қилинди. Бу тадбир доирасида эса маҳаллий аҳоли билан Наврўз байрами ҳам кўтаринки кайфиятда нишонланди. Ушбу туманда одамлар яшамасдан олдин чўл ҳудуд бўлган экан. Маҳаллий аҳоли шунинг учун ҳам “Чўл ўзлаштирилганининг 50 йиллиги” дея таърифлашди. Элликқалъа туманида қорақалпоқ, қозоқ, Туркман, ўзбек ва бошқа бир қанча миллатга мансуб фуқаролар истиқомат қилишади. Одамлар бир-бири билан жуда аҳил бўлиб кетганини уларнинг сўзларидан ҳам билсангиз бўлади. Ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов ҳам иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудлари совуқ, шамолли бўлгани учун Наврўз байрами бироз кечроқ ўтказилди. Лекин совуқ об-ҳаво ҳам қорақалпоқ халқининг  кайфиятини туширолмаслигини гувоҳи бўлдик.

Эслатиб ўтамиз, кейинги репортажимизда Қорақалпоғистон Республикасини тарихий қадамжолари бўйлаб саёҳат ва қизиқарли маълумотларни сизга тақдим қиламиз.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар