Бухоро шаҳар ҳокими Татаристон президентини алдадими?

26.03.2022 10:35

Бухоро шаҳар ҳокими Татаристон президенти Рустам Миннихоновга ваъда қилган «Ўзбек-татар дўстлик боғи» ўрнида меҳмонхона қурилмоқда.

2021 йилнинг 17 июнида Татаристон президенти Рустам Миннихонов амалий ташриф билан Ўзбекистонга келган эди. Унга ташрифи давомида Туризм ва спортни ривожлантириш вазири Азиз Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлик қилган. Миннихонов Бухоро шаҳри ҳудудидаги татарлар авлиёси Хўжа Булғор мақбарасини зиёрат қилган. Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров мақбара атрофидаги ерга дарахтлар экиб, «Ўзбек-татар дўстлик боғи» ташкил этиш лойиҳасини Татаристон президентига тақдимот қилган эди.  Татаристон элчихонаси ҳам «Дўстлик боғи» яратиш имконияти муҳокама қилинганини тасдиқлади.

Аммо, орадан кўп вақт ўтмай лойиҳада кўрсатилган жойда боғ эмас “Hamkor Meʼmor" МЧЖ лойиҳаси асосида  меҳмонхона қурилиши бошланди. Rost24.uz сайтига тақдим этилган ҳужжатлар мақбара атрофидаги ерга ёшлар меҳнат маркази ва меҳмонхона қуриш лойиҳаси 2019 йилдаёқ тасдиқланганини кўрсатмоқда.

 

Биздаги айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра 2021 йилда Татаристон президенти ташрифидан аввал аллақачон ҳудудда қурилиш ишлари бошланиб бўлган. Бухоро шаҳар ҳокимияти Рустам Миннихоновнинг ташрифи муносабати билан қурилишни вақтинча тўхтатиб туришни тадбиркордан сўраган ҳамда Хўжа Булғор мақбараси атрофига яъни қурилиш майдонига дарахтлар экишга топшириқ берган. Миннихоновнинг ташрифидан сўнг яна дарахтлар олиб ташланган ва меҳмонхона қурилиши давом этган. Ўзини қурилаётган меҳмонхона лойиҳаси муаллифи дея таништирган исмини бизга очиқламаган шахс ҳам дарахтларнинг вақтинча экилиб, кейин олиб кетилганини тасдиқлади.

Бухоро шаҳар ҳокимияти эса мазкур масала бўйича ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини олиб бораётганини маълум қилди.
 

Жорий йил 22 март куни ҳам Татаристон президенти Рустам Минниханов навбатдаги амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Президент Миннихоновни бу сафар Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов ва Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов кутиб олди.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир муддат аввал Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг уйига ўғри тушиб, 200 минг доллар пулини ўғирлаб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳокимнинг ўзи эса буни рад этган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
26.03.2022 16:38
Агар ушбу маълумотлар рост бўлса, давлат номидан ваъда берган масъуллар жавоб бериши шарт!