Украинага қилинган ҳужумдан бир ой ўтди, аммо Россия армияси мамлакатнинг бирорта ҳам йирик шаҳрини ўз назоратига ололгани йўқ. Амалда Киев ва Николаевга қарши ҳужумлар тўхтаган.
Россия-Украина уруши – рус истилоси боши берк кўчага кирдими? BBC бу борадаги вазият бўйича экспертлар хулосаларини эълон қилди
Ўқлар ёмғири остида қолган Харков ва Мариупол ҳам таслим бўлмаяпти. Ҳозирда Россия армияси томонидан босиб олинган ягона минтақавий марказ Херсон бўлиб қолмоқда, унинг аҳолиси урушдан олдин ҳам 300 мингга етмаган.
Урушнинг кейинги босқичида нималарни кутиш мумкин?
Кремль ва Россия Мудофаа вазирлиги «махсус операция» режа бўйича кетаётганини даъво қилмоқда, аммо буни ҳатто барча рус расмийлари ҳам тасдиқлагани йўқ. Урушда қатнашаётган Россия гвардия бошлиғи Виктор Золотов «операция биз хоҳлаганчалик даражада кетаётгани йўқ», деб тан олди.
Россия ҳужумининг суст кетаётганини ҳатто давлат телевидениелари ҳам очиқ-ойдин айтмоқда. Давлат телеканалларида тушунтирилишича, бу гўёки Россия армияси Украинадаги тинч аҳоли ҳақида қайғурганлиги учун атай шундай ҳаракат қилмоқда, яъни бундан тезроқ ҳаракат қилиши мумкину, тинч аҳолини ўйлаяпти.
Лекин, мустақил экспертлар бу фикрни рад қилишмоқда: халқаро ташкилотлар томонидан Украинадаги кўплаб аҳоли тура жойлари ва касалхоналарнинг вайрон қилиниши тасдиқланган.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари таҳлил марказининг Россия дастури директори Майкл Кофманнинг сўзларига кўра, Киев яқинида рус армияси ўз позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳозирча у Украина пойтахтини ўраб олишга муваффақ бўлмади ва яқин келажакда янги ҳужум режалаштирилиши даргумон.
Мутахассиснинг фикрича, Россия армиясининг энг муваффақиятли бўлган ҳужуми – Херсон маркази эгаллаб олинган ҳужумда ҳам кўзланганидек натижаларга эришилмаган.
«Яқин келажакда Одессага денгиз десанти туширилиши рус армиясининг Приднестровьега киришини кутишдан маъно йўқ, ҳарқалай энг камида урушнинг ушбу босқичида бундай ҳолни умуман кўрмаймиз», деб ёзади Кофман.
Conflict Intelligence Team гуруҳининг тадқиқотларига кўра, Одессага десант тушириш учун Россия кучлари етарли шахсий таркибга эга бўлмаслиги мумкин.
Лининг фикрича, рус армиясининг йўқотишлари Москвани операция мақсадларини қисқартиришга мажбур қилди ва ҳозирда Россиянинг ҳужуми Киев учун тўғридан-тўғри хавф туғдирмайди. Одессанинг тақдири эса, қўшни Николаевдаги вазиятга боғлиқ.
Николаев яқинида шиддатли жанглар бўлиб ўтди, аммо Лининг сўзларига кўра, Украина кучлари ҳужумни қайтариши ва ҳатто қарши ҳужумга ўтиши мумкинлигига ишониш учун асос бор.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда рус армияси шаҳарни эгаллашга уринишлардан воз кечиши мумкин, чунки руслар босиб олиб олинган Херсон яқинидаги Чернобаевка аэродромидан ўз ҳаво кучларини олиб чиқиб кетишган.
Сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар таҳлилига кўра, ушбу аэродромда бир нечта рус ҳарбий вертолётлари йўқ қилинган.
Россия армиясининг хатолари
«Энг бошиданоқ Россия ҳарбий ҳаракатларида текис тақсимланиш –концентрация йўқ эди. Жуда кўп ҳарбий кучлар ҳар хил йўналишларда ҳужум қилишган ”, — дейди Кофман.
Роб Лининг тахминича, операциянинг махфийлиги ёмон оқибатларга олиб келган. Сабаби, улар урушга тайёргарлик кўраётганларини бекитиш мақсадида армияни жанг учун зарур бўлган нуқталарга жойлаштира олишмаган.
Яна бир эксперт Григор Атанесяннинг фикрича, Россия қўшинлари урушни жуда катта режалар билан бошлаган ва бу режаларнинг ҳаммасига тезлик билан эришишни исташган. Улар Киевга, Одессага, Мариуполга боришди, Харков ва Сумини ўраб олишга ҳаракат қилишди. Аммо уларда буни бажариш учун куч йўқ эди.
Ли руслар ҳар доим ҳам ўз алоқаларини шифрламайдилар, деб ҳисоблайди.
АҚШ ҳарбийларига кўра, Украинадаги россиялик генераллардан бири оддий мобил телефон орқали маълумот етказгани учун ўлдирилган. Яъни, «Нью-Йорк Таймс» газетасининг ёзишича, Украина разведкаси бу сигнални тутиб олиб, унинг тарқалиш жойини аниқлаб, зарба берган.
Украина кучлари камида олтита россиялик генераллар ўлдирилгани ҳақида хабар бериб, уларнинг исм-шарифлари, унвонлари ва лавозимларини эълон қилган, Россия томони эса бу йўқотишларнинг бирортасини ҳам тасдиқламаган.
Роб Ли, шунингдек, рус қўшинлари Украина ҳаво ҳудудини назорат қилмаётганини, бу эса украиналикларга армия бўлинмаларини таъминлаш ва шахсий таркибини тўлдириш имконини бераётганлигини таъкидлайди.
Турли экспертлар, Россия қўмондонлиги Украина армиясининг жанговар руҳи ва ҳарбий тайёргарлигини жуда паст баҳолаган деган фикрда.
«Менимча, Путин иккита одатий хатога йўл қўйди. Биринчидан, у рақибини писанд қилмади. Иккинчидан, ўз армияси ва ҳаво кучларининг қобилияти, сифати ҳаддан ортиқ юқори баҳолади. Мавжуд маълумотларга кўра, руслар ҳозирда ҳавода катта устунликка эга эмаслар», дейди НАТО кучларининг Европадаги бош қўмондони собиқ ўринбосари, истеъфодаги америкалик генерал Ричард Ширрефф.
Роб Ли урушнинг кейинги босқичлари ҳақида шундай фикрларни билдирди:
«Мен бу уруш тугади деб ўйламайман. Россия кучлари ҳали ҳам Украина армиясига катта зарар етказиши мумкин ва Бирлашган кучлар операцияси (ООС) ҳудуди энг қийин ҳудуд бўлади. Бироқ Украина қаршиликлари жуда кучлилигича қолмоқда».
Кофманнинг тахминича, Москва ғалабани эълон қилиш учун сабаб қидирмоқда ва Донбасснинг қўлга олиниши айнан шундай сабаб бўлиши мумкин. Ундан кейин эса Кремль бу ҳудуд устидан назоратдан фойдаланиб, Киевнинг ён босишига эришиши мумкин.
«Уруш боши берк кўчага кириб қолдими? Ҳа ва йўқ. Россия кучлари секин-секин Донбассга кириши мумкин. Менимча, Украина армияси аксарият фронтларда позицияларни эгаллаши ва эҳтимол уларнинг баъзиларига қарши ҳужумларни бошлаши мумкин. Бироқ, чарчоқ ҳар икки томонга ҳам таъсир қилади, - дея хулоса қилади Кофман.