Эртага замонавий томошалар ва миллий анъаналарни ўзида мужассамлаштирган MAKON FEST - 2022 фестивали бошланади.
Нимани кўриш мумкин?
Ретро автомобиллар кўргазмаси, рақс ва rap жанглари, миллий кураш бўйича мусобақалар, шахмат ва стол тенниси мусобақалари, йога, зумба ва оммавий флеш-моблар, қўғирчоқ театрининг бир вақтда сурдо-таржима билан бериб бориладиган премьера спектакллари, хушбўй зираворлар ярмаркаси, миллий таомлар фестивали, бадиий ҳунармандчилик ярмаркаси, махсус китоб ярмаркалари – буларнинг барчасида ўзингиз иштирок этишингиз мумкин!
Кимлар келади?
Италия, АҚШ, Хитой, Россия, Франция, Швейцария, Япония, Буюк Британия, Исроил, Испания, Греция, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрадиган 15 мингга яқин сайёҳлар мусиқа ва рақс жамоалари шоулари, халқ сайиллари, мавзули маҳорат дарслари, шарқона ярмарка, дорбозлар чиқишлари, мода намойишлари, гастрономик ярмарка ва “food-shоw” бўлиб ўтиши кутилаётган Наврўз фестивалида қатнашадилар.
Қачон ва қаерда бўлади?
20, 21, 22 март кунлари пойтахтимиздаги «Дўстлик» боғида «Биз бир макон – биз Ўзбекистон» шиори остида Миллий санъат ва анъаналар фестивали «MAKON FEST – 2022» бўлиб ўтади.
Халқимизнинг анъана ва урф-одатлари, амалий санъати, миллий таомлари, бетакрор оғзаки ва номоддий меросининг бутун хилма-хиллигини ўзида акс эттирувчи мазкур фестиваль Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Яккасарой туман ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Дўстлик боғи, Макон телеканали ҳамкорлигида ўтказилади.
Таомлар фақат кўргазмагами ёки татиб кўриш ҳам мумкинми?
Фестивалда тайёрланадиган миллий таомлар нафақат ташриф буюрувчиларга, балки «Мурувват уйлари», қариялар ва ногиронлар уйларига ҳам тарқатилади.
Фестиваль якунида совринлар «MAKON FEST – 2022» фестивали лауреатларига топширилади. Бадиий ҳунармандчилик усталари, ошпазлар, дизайнерлар ва фольклор жамоалари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Тадбир онлайн ёритиб борилади.