ИИВ ходими қуролдан фойдаланишни билмаслиги хатолик эмасми?

18.03.2022 11:59

Яқинда ижтимоий тармоқларда, ИИБ ходимининг оддий «Калашников» автоматини йиға олмаган ҳолати тасвирланган видео тарқалди ва бу катта муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Ички ишлар вазирлиги ўз таркибига бундай ходимларни қандай саралаб олган? Бу шунчаки, хатоликми ёки қуроллар билан ишлашда малака ошириш борасидаги ҳисоботлар шунчаки қоғоздами?

16 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган «Ички ишлар органларига номзодларни танлаб олиш тартиби, янгилик ва имтиёзлар» мавзуидаги  матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Rost24.uz мухбири томонидан берилган саволга жавоб берган мутасадди  қуролдан фойдаланиш ходимларнинг тез эсдан чиқишини маълум қилган.

– Ўқотар қуроллар билан доимий муомала қилинмайдиган бўлса, олдиндан кўникмангиз бўлса ҳам, қуролдан фойдаланиш тез эсдан чиқиши мумкин. Ички ишлар органлар ходимлари мазкур қуроллардан фойдаланиш бўйича қўшимча билимга ҳам эга бўлади, – деди Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти касбий тайёргарлик бошқармаси бошлиғи Умидбек Нуруллаев.

“Бу ходимимиз эса алоҳида, яъни тергов йўналишида ишлайди. Тергов жараёнлари кўпроқ норматив ҳужжатлар, тергов ҳаракатлари, жараёнлари билан боғлиқ бўлади. Шунинг учун, бу ходимимизда сал хатолик юз берган, хатолик ҳам эмас. Шу вақтда унинг етарли даражада билимга эга бўлмаган, алоҳида шуғуллангандан кейин, буни ўзлаштириб, аъло баҳога топширган. Ҳақиқатдан ҳам Нурафшон шаҳрида ишлайдиган бир нафар ходимимизнинг ҳаракатлари интернет тармоқларида кенг тарқалди. Энди бу каби тадбирлар бизда ҳар йили ўтказилади. Мазкур йўналиш бўйича ходимларимизни имтиҳондан ўтказамиз, кейин машғулотлар бўлади. Юқоридаги вазият ҳам машғулотлар жараёнида содир бўлган. Бизнинг машғулотларимиз давомида кимдир ўша ҳолатни видео тасвирга олиб тарқатиб юборган. Лекин, мазкур ходим иштирокидаги кейинги видеоларни кўрган бўлсангиз, ярим куннинг ўзида қурол йиғиш амалиётини ўзлаштириб, керак бўлса аъло баҳодан ҳам яхшироқ нормативларга топширган.”

Шунингдек, Умиджон Нуруллаев ходимлар аслида Ички ишлар органларига қабул қилингандан кейингина, махсус уч ойлик тайёргарликдан ўтказилиб уларга қуролдан фойдаланиш бўйича алоҳида сертификат берилишини қўшимча қилиб ўтди.

“Ички ишлар вазирлигининг алоҳида буйруғига асосан ходимлар билан ҳар ўқув йилида жисмоний жанговар ва ахлоқий психологик тайёргарлик бўйича машғулотлар ўтказилиб келинади. Бу тасвирга туширилган жараён ҳам мазкур машғулотлар давомида олинган ҳолат ҳисобланади”, дея хулосалади Умиджон Нуруллаев.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
21.03.2022 02:44
Бизда иив дагилар асосан ойлик юкори булгани учун ишлашади. Кани ойликни хам оддий ишчиникидек килиб куйишсин канча халк химоячиси колар экан. Милицияда.