Қозоғистон январда содир бўлган энергетик инқирозга Ўзбекистон сабабчи демоқда

16.03.2022 18:26

Қозоғистон энергия тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) авария сабабларини маълум қилди.

2022 йил 25 январь куни Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон энергия тизимларида содир бўлган авария сабаблари маълум қилинди.

Жорий йил 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида электр энергияси таъминоти узилган эди. 

Ушбу вазият бўйича бугун Қозоғистон энергия тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) авария ҳолатини текшириш орқали сабабларини маълум қилди.

Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон энергия тизимларининг катта блекаутга дуч келишига нима сабаб бўлган эди?

Қозоғистон энергия тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) қуйидагича сабабларни айтмоқда:

Марказий Осиё, хусусан Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон энергия тизимларининг тизим операторлари вакилларидан иборат «Энергия» мувофиқлаштирувчи диспетчерлик марказининг (КДС «Энергия) махсус комиссияси 2022 йил 25 январда содир бўлган аварияни текширишни якунлади.

Комиссия аварияга Ўзбекистон электр таъминотида юз берган узилиш сабаб бўлганини аниқлади. Шу куни соат 10:59 да Сирдарё ИЕС ва 500 кВ «Тошкент» станциясини (Ўзбекистон) боғловчи юқори вольтли ҳаво электр узатиш линиясининг 500 кВ электр тармоғи чизиқли ажраткичида қисқа туташув содир бўлган.

Кейинчалик 1- ва 2- 500 кВ шина тизимлари дифференциал ҳимоясининг ҳаддан ташқари кўп ишлаши Сирдарё ИЕСда ишлаб чиқаришнинг сезиларли даражада қисқаришига, станцияга туташ электр тармоғида бир неча марта узилишларга ва шимолда 2100 МВт қувватга кўтарилишига олиб келгани айтилади.

Қайд этилишича, "KEGOS" АЖ электр тармоқлари ва Қозоғистон жанубидаги электр станцияларининг авария автоматлари тизимдаги авария ҳолатида энергия тизимини ажратиш талабларини инобатга олган ҳолда нормал режимда ишлаган. Бунинг оқибатида Қозоғистон жанубий зонасидаги истеъмолчиларнинг энергиядан тўлиқ ўчирилиши олди олинган, мамлакат жанубидаги истеъмолчиларнинг қарийб 60 фоизи электр энергияси билан таъминланган.

Ушбу сабаб Қозоғистон компаниясининг ўрганишлари натижасида келиб чиққан. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бу бўйича нима демоқда?

Ўша вазият содир бўлган вақтда «сабабларини аниқлаш, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда зудлик билан амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклади», дея вазирлик хабар берган эди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Элмира Бекмуродовадан бу бўйича изоҳ сўралганда, бу бўйича ҳозир ҳеч қандай изоҳ айта олмаслигини ва яқин орада вазирлик томонидан расмий муносабат билдирилиши маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат Сирдарё ИЕСи туфайли рўй берганлигини 27 январдаёқ Қозоғистон айтиб ўтган эди. Ўзбекистон ўрганиш ишларини кутишга чақирган эди. Шунингдек, Ўзбекистон 25 январь кунини ўзидаёқ авария Қозоғистондаги энерготизимда рўй берганини маълум қилганди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар