Шаҳар кўчалари яна сув билан тўлган. Тизим янгиланиши учун фожеани кутамизми?

16.03.2022 11:10

Ҳар йили ёғингарчилик мавсумида Тошкент кўчалари юриб бўлмайдиган аҳволга тушиб қолади. Ижтимоий тармоқларда бу ҳақида гапирилади, мақолалар ёзилади, лекин фойдаси йўқ.

Мутахассислар шаҳар дренаж тизимларининг эскилиги ва қурилишлар кўпайиб, шаҳар кенгаяётганига қарамай тизимли янгиланмаганини таъкидлашади.

Узр сўралади, изоҳлар берилади, махсус штаб тузилади, лекин вазият ўзгармайди

«Ёғингарчилик мавсумида Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида сув тошиши билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, ирригация тармоқларини таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган»,- дейилади 2019 йилги ёғингарчилик мавсумида юз берган кўнгилсиз ҳолатлар изоҳланган ҳокимлик хабарида.

Шунингдек, пойтахт маъмурияти бундан уч йил олдин ҳам вақтинчалик ноқулайлик учун узр сўраган, муаммоларни ҳал этиш учун махсус штаб тузилган.  Бироқ муаммолар кўлами кенгайса кенгаймоқда-ю, камаймаяпти.
 

Айнан 2019 йилда «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида Тошкент шаҳар дренаж тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги сабабли уларни янгилаш кераклиги ҳақида  таклиф жойланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича шаҳардаги қувурлар бундай ёғингарчиликка ортиқ дош бера олмайди ва албатта капитал таъмирга муҳтож. Шаҳар дренаж тизимини бутунлай таъмирлаш учун эса 60 млн доллардан ортиқ маблағ керак. (2016 йилги ҳисоб)

Шунингдек, инсонлар томонидан ташланадиган маиший чиқиндилар, ноқонуний қурилишлар, айрим мансабдор шахсларнинг сансалорлиги ҳам шаҳар кўчаларида сув тошишига сабаб бўлмоқда.

Ҳокимиятнинг фикрича, қурилишга (бино-иншоот, кўприк, йўл) қурилишларига рухсат берувчи ташкилотлар томонидан лойиҳа ҳужжатларида ирригация тармоқларини назарда тутилишига қатъий талаблар қўйилмаган.

Мана шундай бир қатор сабаблар туфайли шаҳримиз кўчалари Венециядан фарқ қилмай қолди. Натижада бу одамларга ноқулайликлар туғдирмоқда. Сув тошган кўчаларда ҳаракатланиш машиналарга ҳам жиддий шикаст етказиши мумкин

Эскирган дренаж тизимлари қачон янгиланади?   Бунинг учун тегишли ташкилотлар томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Тошкент шаҳар ҳокимлиги яна неча йиллар давомида бу вазиятдан фақат узр сўраб қутилади? 

Афсуски, Тошкент шаҳар матбуот хизматига қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.03.2022 18:44
Совет даврида Тошкент шахар бошқариш маъмуриятида мутахассислар ишларди. Хозир эса фақат таниш-билиш, қариндош-уруғ ишлайди. Вазирликларда хам шу ахвол. Соғлиқни сақлаш вазири-иқтисодчи, Халқ таълим вазири-иқтисодчи Спортни ривохлантириш вазири-медик!