Энди вазирлик ва ташкилотларда раҳбарнинг камида битта аёл ўринбосари бўлиши шарт

10.03.2022 18:30

Вазирлик ва ташкилотларда олдин бу ҳолат қандай эди?

Ушбу саволга nemolchi.uz сайти томонидан тайёрланган қуйидаги инфографика ҳам жавоб беради. Ўзбекистонда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш бўйича ўнлаб ҳужжатлар мавжуд. Аёлларни жамиятдаги ўрни ва давлат бошқарувидаги иштирокини ошириш мақсадида бир қатор имтиёзлар ҳам мавжуд. Амалда уларнинг қанчалик натижа бераётганини ҳукумат аъзолари орасида фақат бир нафар аёл киши борлигидан ҳам кўриш мумкин. Янги ҳужжатда ҳам аёлларни раҳбар лавозимларига тайинлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

2024 йилгача барча давлат органлари раҳбарларининг камида битта ўринбосари аёл киши бўлади. Бу президент имзолаган янги фармонда кўзда тутилган.

2024 йил йил 1 январга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари орасида хотин-қизларнинг улуши камида 30 фоизга етказилади. Бу янги имзолаган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда белгиланди.

Худди шу санага қадар барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосари хотин-қизлар орасидан тайинланади.

Аёлнинг ўзи раҳбар бўлса, ҳолат қандай бўлади?

Агар тегишли ташкилотларда раҳбар аёл киши бўлиб, унда фақат бир нафар ўринбосар бўлса, у ҳолда бу талаб мажбурий ҳисобланмайди.

Бундан олдин вазирлик ва ташкилотларда аёлларнинг улуши қанча эди?

Гендер тенглиги бўйича энг юқори кўрсаткич Сув хўжалиги вазирлигида 65,2 фоиз, Адлия вазирлигида 50 фоиз бўлса, энг паст кўрсаткич, Ташқи ишлар вазирлигида 4,8 фоиз, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 6,9 фоиз ташкил қилмоқда деб маълумот берган Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттахонова. Бу умумий гендер тенглик билан олинган кўрсаткич эди. Раҳбарлик ўринбосари кўрсаткичида бу қанчани ташкил этади?

Масалан, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги каби вазирликлар фаолиятида аёл ўринбосарлар иштироки мавжуд эмас.

Бундан кўриниб турибдики, аёл раҳбарлар ва ўринбосарлар сони ҳали етарлича эмас. Умид қиламизки янги фармон рақамлар ва ҳисоботлар учун эмас, реал натижаларнинг ортиши учун хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курслари ташкил этилади ҳамда ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизлар ўқитилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойида илк бора аёл киши Наргис Исламова солиқ инспекциясига раҳбар этиб тайинланган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар