Адлия вазирлигига савол: қарорлардаги камчиликларга ким жавоб беради? Бир-бирини такрорлаётган икки қарор

03.03.2022 14:28

Қонунчиликка кўра, қарорлар Адлия вазирлиги хулосаси бўлгандагина тегишли жойга имзо учун киритилади. Администрация эса Президент қарорларининг ижросини ташкил этиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш ва кўмаклашишга масъул. Шундай экан бир-бирини такрорлаётган, замон талабига жавоб бермайдиган қарорлар учун ким жавобгар?

Профессор Акром Ҳабибуллаев деярли бир мазмунга эга бўлган 2 қарорни танқидий таҳлил қилди.

Шу йил 10 февраль куни Ўзбекистон Президенти ПҚ-126-сонли Қарорга имзо чекди. Қарор “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган. Бундан беш йил олдин 2017 йил 24 май санасида ПҚ-2995-сонли Қарор қабул қилинган эди. У “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”.

Иккита Қарорнинг ҳам номларига диққат қилсангиз, янги қабул қилинган Қарорга биноан қадимий ёзма манбалар энди тарғиб қилинмас экан, деган хаёлга боришингиз табиий. Чунки, янги Қарорнинг сарлавҳасида “тарғиб” сўзи йўқ.  Ундан ҳам қизиғи, беш йил олдинги Қарор тизимни “янада такомиллаштириш” ҳақида эди. Бу галгиси эса фақат “такомиллаштириш” ҳақида, холос. Беш йил олдин мукаммал тизимни “янада такомиллаштириш”га ҳаракат бўлган-у, аммо ишлар расво бўлиб қайтадан “такомиллаштириш”га эҳтиёж туғилгандир, балки? Нимагадир янги Қарорда булар ҳақида ҳам, эски Қарор ҳақида ҳам ҳеч гап йўқ. Гўёки, Қарор биринчи марта қабул қилинаётгандай.

Янги қарор, эскича ёндашув

Янги қабул қилинган Қарорда қўлёзмаларни сақлаш, мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, хорижий ташкилотлар билан алоқа ўрнатиш каби анча-мунча фойдали ва керакли режалар назарда тутилган. Шу билан бир қаторда баъзи мулоҳазали моддалар ҳам йўқ эмас. Масалан, Қарорнинг 2-, 3-бандларидаги баъзи режаларнинг бажарилишига Ислом цивилизацияси маркази масъул давлат муассасаси этиб белгиланган. Унга мувофиқ, ёзма манбаларнинг Давлат реестери шакллантирилар,  ундан кейин эса шу реестр асосида манбаларнинг каталоглари ва электрон нусхалари яратилар экан. Ушбу режа балки бундан 40-50 йил олдин тузилганида тушунса бўлар эди. У пайтларда аввал манба ҳақидаги маълумот инвентарь дафтарга ёзиларди, кейин картотекали каталог, ундан кейин босма китоб ҳолидаги каталог тузиларди ва ҳоказо. Лекин, бугун XXI асрнинг биринчи чорагини ҳам тугатишга яқинлаб қолган вақтимизда, бундай босқичма-босқичлик шарт эмас. Битта ягона электрон маълумотлар базаси ҳам реестр, ҳам каталог, ҳам ёзма манбанинг рақамли суррогатини жойлаштирадиган кутубхона вазифасини бемалол бажариши мумкин.

Янги Қарорда белгиланган режалардан биттаси, “хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали ... қадимий ёзма манбаларнинг каталогларини ва электрон нусхаларини аниқлаш, Марказ фондига олиб келиш ...” экан. Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, бу режани бажариш учун бугунги кунда хорижга бориш умуман шарт эмас. Интернетингиз яхши ишлаб турса, керакли вебсаҳифалар блокланмаган бўлса, ҳамда инглиз, араб ва форс тилини сал-пал билсангиз, шунинг ўзи етарли. Электрон нусхани олиб келиш ҳам, аллақачон компьютер орқали осонгина уйдан чиқмай туриб, бажарса бўладиган вазифага айланган.

Янги Қарорда белгиланган режалардан яна бири ҳақида фикр билдирмасликнинг иложи йўқ. Унга биноан, икки ой муддатда давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни Ислом цивилизацияси маркази тасарруфига ўтказиш бўйича режа тасдиқланиб, босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган. Бу режадан баъзи вилоят кутубхоналари нима қиларларини билмай, ташвишга тушиб қолган эмиш. Қарорга қарши чиқишга хукуматдан чўчишади. Жим турай десалар, йиллар давомида кўз қорачиғидай сақлаб келаётган бойликларидан ажраб қолишади.

Пойтахтга кўчириш тўғри бўладими?

Марказий Осиёнинг Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Хива, Урганч каби шаҳарлари нафақат йирик алломалар таваллуд топган замин, балки илм-фан, маърифат ўчоғи сифатида ҳам машҳур бўлган. Уларда, мадрасалар ва бошқа таълим муассасалари билан бир қаторда йирик-йирик кутубхоналар ҳам фаолият кўрсатган. Масалан, Ибн Сино ўзининг таржимаи ҳолида Бухородаги кутубхонадан ҳайратланиб, бошқа хеч қаерда кўрмаган китобларини у ерда ўқиганлигини завқ-шафқ билан ҳикоя қилади. Ёки, XIII аср бошларида Хоразмга сиёҳат қилган араб тарихчиси Ёқут Ҳамавий, битта Журжония шаҳрининг ўзида ўнтача кутубхона борлигини ёзган. Қадимий шаҳарларимизнинг ўрта асрлардаги ўша кўрки, аҳамияти ва шуҳратини иложи борича сақлашга, йўқотиб қўймасликка ҳаракат қилиниши лозим.

Бугун мамлакатимизга келадиган сайёҳ замонавий Тошкентни эмас, балки ўша қадимий шаҳарларни, уларда сақланиб қолган қадимий ёдгорликлар, осори атиқалар, жумладан ноёб китобларни ҳам жойида кўришни хоҳлайди. Улар, Бухоронинг қадим маданий ва маънавий бойликларини Тошкентга келиб эмас, балки Бухоронинг ўзида, турган жойида кўришни истайдилар ва ундан кўпроқ таассурот оладилар. Шунинг учун ҳам Ислом цивилизацияси маркази вилоят кутубхоналаридаги нодир ва ноёб қўлёзма китобларни марказ Тошкентга олиб келгандан кўра, улар турган жойдаги шароитни яхшилашга, уларни рақамлаштириш, асл нусхаларини эса ноёб экспонатлар сифатида намойиш қилиш учун шароит яратишга кўмаклашгани маъқул. Ислом цивилизацияси маркази вилоятлардаги аҳоли қўлида мажуд бўлган қўлёзмаларни сотиб олиб Тошкентга кўтариб келмасдан, шу ердаги маҳаллий кутубхоналарга топширса янада фойдалироқ бўлади. Бу ҳам вилоятларда илм-фан ва маданиятнинг ривожига қандайдир даражада туртки бериши шубҳасиз. Вилоятлар ва чекка қишлоқларни ҳам ҳар томонлама ривожалантириш зарур. Улардан бирон нарсани тортиб олиш эмас, балки уларга кўмак қўлини чўзиш, ёрдам бериш, лозим. 

Акром Ҳабибуллаев, профессор

*  *  *

Эслатиб ўтамиз: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясига фақат ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилади. (ПҚ-3666-сон)

Мутахассис таҳлил қилган ПҚ-126 рақамли Қарор ижроси назорати Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камиловга юклатилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар