Ўзбекистонда “эскроу” тизими янги уй-жойлар нархини кескин ошириб юборадими?

26.06.2025 19:03


Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 1 июлдан Ўзбекистонда жорий этиладиган “эскроу” тизими янги уй-жойлар нархини кескин ошириши ҳақидаги хабарларни рад этди. 26 июнда ўтказилган брифингда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов янги уй-жойлар харид қилишда сотиб олувчиларнинг пуллари кафолатли ҳимояланиши таъминланадиган тизим аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Бу қандай тизим?

Эскроу тизими — бу қурувчи ва харидор ўртасидаги олди-сотдининг янгича шакли. Эндиликда, ҳали битмаган уйдан квартира сотиб олмоқчи бўлган фуқаро, ўша уйга ўз маблағларини тикиш орқали улушдорга айланади. Бунинг учун қурувчи, яъни девелопернинг ўзига эмас, банкка тўлов қилади. Улушдорнинг тўлаган пуллари алоҳида “эскроу” ҳисобварағида йиғилиб борилади. Уй битмагунча қурувчи компания бу пуллардан фойдалана олмайди. Турар жойни эса ўз маблағлари ёки банк кредити асосида қуриб битказади.

Улушли шартнома орқали девелопер кўрсатилган уйни қуриб, ўз вақтида топшириш мажбуриятини олади. Банк эса улушдорнинг пул маблағлари “эскроу” ҳисобварағида йиғилиши, хавфсиз сақланиши, шунингдек, уй-жой қурилишини лойиҳавий молиялаштиришни амалга оширади ва бу билан уй-жойни ўз вақтида сифатли қуриб, эгасига етказиб беришни кафолатлайди.

Тизим қандай ишлайди?

Эскроу тизими доирасида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида уй-жойлар қурилиши бўйича ягона шаффоф электрон платформа яратилди ва ушбу тизим  2025 йил 1 июлдан ишга туширилади. Девелоперлар уй-жойни шу платформада рўйхатга қўймасдан, аҳоли маблағларини улуш киритиш асосида жалб қила олмайди.

“Мазкур тизим максимал даражада инсон омилидан чекланиб, барчаси  интеграция асосида ишлаб чиқиляпти. Девелопер объектни платформага киритгач, банк томонидан уйни ўз вақтида қура олиш имкониятлари ўрганилади. Қурилиш жараёнида  ишнинг бажарилиш графиги назорат қилиб борилади. Лойиҳавий молиялаштиришдан кўзланган мақсад ҳам шу”, дейди Саидносир Усмонов.
Электрон платформада қурувчи компания ва объект ҳақидаги барча маълумотлар, хусусан, объектнинг лойиҳа бўйича жойлашган аниқ манзили, қаватлари, кириш йўлаклари, қолаверса, компаниянинг лойиҳавий ҳужжатлари, ижобий экспертиза хулосаси, қурилиш бошланадиган сана ва фойдаланишга топшириш муддати каби маълумотлар жамлаб борилади. Бу ахборотларни харидорлар ҳам платформада кузатиб боришлари мумкин. Яъни қурувчи рухсатномасининг мавжудлиги, рейтинги ва олдинги лойиҳалари ҳақида билиб олишлари мумкин бўлади. Қурилиш жараёнларининг платформа орқали шаффоф кузатиб борилиши ўз навбатида, уй-жой қурилиши бозоридаги инвестициялар хавфсизлиги ва ишончли девелоперлар бозорининг шаклланишига хизмат қилади.

“Эскроу” тизими жорий этилгач янги уй-жойлар нархи кескин ошиб кетмайди

“Эскроу” ҳисобварағида жамланган маблағлар кўпайиши натижасида девелопер ташкилотларига лойиҳавий молиялаштириш доирасида амалдаги ставкаларга нисбатан анча пастроқ ставкада маблағлар ажратилади. Бу эса “эскроу” тизими жорий этилгач янги уй-жойларнинг нархи кескин ошиб кетади деган маълумотларни инкор этади.

“Қурилиш битиб, харидор хонадонни қабул қилгач, унинг банк ҳисобварағидаги пуллари девелопер ташкилотга йўналтирилади. Қурувчи ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, бу пул фуқарога тўлиқ миқдорда қайтариб берилади. Яъни уй битмай қолса, харидор куйиб қолмайди, банкка қўйган пулларини муаммосиз қайтариб олади”, деди Саидносир Усмонов.

Унинг билдиришича, фуқароларнинг уй-жой учун тўлаган пуллари ҳар томонлама ҳимояланади. Хусусан, юқоридаги фармон билан “эскроу” ҳисобварағига йўналтирилган пул маблағларини тўхтатиб қўйиш ёки ҳисобдан чиқариш ҳамда мажбурий ижрога қаратиш таъқиқланади.

Харидор шартномани белгиланган тартибда расмийлаштириб, кадастр органларида рўйхатга олинганидан сўнг, фуқаро мазкур улушни ҳали уй битмай туриб, мулк сифатида ҳадя қилиши, сотиши ёки бошқа бир шахсга васият қилиб қолдириши мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар