Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Шавкат Мирзиёев соҳа вакилларини табриклади. Президент ўз мурожаатида медиа соҳасининг Янги Ўзбекистондаги ўрни ва аҳамияти ошиб бораётганини қайд этди.
Мирзиёев ахборот соҳасидаги ютуқлар қаторида 2 400 га яқин ОАВ фаолият юритаётгани, уларнинг 65 фоизи нодавлат эканини, фойдаланувчилар сони 32,7 миллионга етганини таъкидлади. Ёш ижодкорлар қўллаб-қувватланаётгани, болалар контентини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани айтилди.
"Ҳозирги вақтда сунъий интеллект технологияларининг шиддат билан ривожланаётгани журналистика учун катта имкониятлар очиш билан бирга, бу борадаги ишларимизни замон талабларига мос ҳолда йўлга қўйишни талаб этмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўз касбини, она тили билан бирга хорижий тилларни, IT технологияларини пухта эгаллаган, жонкуяр ва ватанпарвар янги журналистлар авлоди етишиб келаётгани барчамизни хурсанд қилади.
Айни вақтда оммавий ахборот воситаларида холислик ва қонун устуворлигини таъминлаш, профессионал билим ва маҳоратни ошириб бориш, ахборот тарқатишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш, аҳоли ўртасида ахборот, баҳс ва мулоқот маданиятини шакллаштириш, жамиятимиздаги турли иллатлар, коррупция балосига қарши курашиш каби долзарб вазифалар бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур", дейди президент ўз табригида.
Бугун “Олтин қалам” мукофоти илк бор айнан касб байрамида топширилади.