Украинадаги ўзбекистонликларни Ватанга қайтиши учун шароит яратилдими? Нега жараён кечикмоқда?

27.02.2022 18:02

Бироз аввал телеграмм каналимизда 400 га яқин ўзбекистонликлар Львовда қолаётганликлари ҳақида маълум қилган эдик. Нима сабабдан уларни Полшага олиб чиқиб кетилиши кечиктирилди? Киевда айни вақтда вазият қандай? Навбатдаги эвакуация ҳақида хабарлар борми? Польшага ӯтган ӯзбекистонликлар қачон олиб келинади? Биз ҳамюртларимиз томонидан берилаётган саволларга ойдинлик киритиш мақсадида айни вақтда Киевдаги Ўзбекистон элчихонасига ёрдам бераётган волонтер, хирург Темур Юсупов билан суҳбатлашдик.

 

Киевда айни вақтда вазият қандай? Тунни қандай ўтказдингиз? Яхши томонга ўзгаришига умид борми?

-  Менимча тунни ҳамма ухламасдан ўтказди, хавотир билан. Ўқ овозлари, портлашлар тингани йўқ. Айни вақтда, якшанба 09:40 да Киевда жим-житлик. Айтишим керакки, жудаям қӯрқинчли сокинлик ҳозир, худди кинолардагидай. Вазият сониясига, минутига ӯзгариб бормоқда. Қисқа вақтда бу уруш тугашига умид қилиб турибмиз.

Ўзбекистонликлар Львовга боришлари айтилганди, лекин биздаги маълумотларга қараганда вокзалда 400 га яқин ҳамюртларимиз қийин ҳолатда қолишаяпти.... Навбатдаги эвакуация қачон бўлади? Львовга боришнинг энг оптимал йўли қайси ҳозирда?

Кўп ишларга комендантлик соати халақит берди. Душанба, 28 февраль куни соат 8 дан бошлаб юриш мумкин бўлади. Янаям бу соат узайиши мумкин деган янгиликлар ҳам бор. Ватандошларимизни Львовдан Польшага юбориш бугун режа қилинган эди, автобуслар топилганди. Ёқилғи ҳамма муаммолар ҳал қилиниб, бугун чиқарамиз деган ният бор эди. Афсуски, автобуслар кириб келолмаяпти. Биринчи катта муаммо. Кириб келгани ҳам Украина аҳолиси учун хизмат қилишни бошлаяпти.

«Комендантлик соати»ни ҳисобга олсак, ҳозир Киевдан чиқиб кетиш жудаям хавфли. Нафақат Киевда, балки бошқа шаҳарларда ҳам кӯчага чиқиб ҳаракатланиш хавфли.

Энг хавфсиз вариант ҳозир темирйўл ҳисобланяпти. Чунки ходимлар билан гаплашганимизда, улар поездлар олдинги режимда қатновни амалга оширмоқда деб айтиб ӯтди. Аниқ график бӯлмаслиги мумкин, албатта, уруш вақти, бир соат кеч ё эрта бўлиши мумкин. Поезд сони камайиши мумкин. Лекин, ҳаракат бор. Маслаҳатимиз, уйда ӯтирган ватандошларимиз кӯчага чиқишмасин. Вокзалда бӯлганлари эса поезд орқали боришларини сӯраб қоламиз. Автомобиль жуда хавфли ҳисобланади ҳозир. Буни барча Украинадаги ӯзбекларга етказишни сӯраб қолардим. Чунки Украина ҳарбийси душман билан оддий одамларни ажрата олмаслиги мумкин. Бу жиҳатдан хавфли.

Львовга борган ӯзбеклар нима қилиши керак?

- Львовда ҳозир жуда-жуда одам кӯп. Ҳар бир давлат яшил коридор очамиз деган эди. Ҳозир бунинг қонунияти анча ӯзгарди. Аёллар муаммосиз ӯтишяпти. Навбатда туришлари мумкин, лекин ӯтишмоқда. Эркаклар масаласида сал қийинчилик бӯлмоқда. Полша ҳудудига қочқинлар ҳам ӯтишмоқда, бошқа давлатларнинг. Шунинг учун улар ҳам эҳтиёткорлик қилишяпти. Лекин, ӯтказишмоқда. Кеча 3 та автобус 100 га яқин ватандошларимизни автобусга ӯтқазиб олиб ӯтишётган эди. Лекин Польша чегарасида навбат бӯлганлиги учун, муаммолар пайдо бӯлди ва шунинг  учун аёлларни ӯзини олиб ӯтишган. Тирбандликлар жуда кӯп. Пиёда ӯтиш анча яхши. Шунинг учун йўл қисқартириш учун хавфсиз йӯллардан автобусларда олиб ӯтилмоқда.

Польшага ӯтган ӯзбекистонликлар қачон Ӯзбекистонга олиб келинади?

- Биринчи навбатда улар хавфсиз ҳудудда. Бу бизни  қониқтиради. Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихона билан ҳамкорликда Польшага ӯтган ватандошларимизни олиб кетишга ҳаракат қилишмоқда. Польшага ӯтган ӯзбекистонликлар сони кӯпайгандан кейин чартер рейслар келиб олиб кетилади. Қисқа вақтда бошланишини кутяпмиз.

Польшадан Ўзбекистонга олиб келиш бўйича нархлар белгиланганми? Пули йўқ бўлса фуқарога молиявий ёрдам кўрсатиладими?

- Ҳозир чартер рейслар мутлақо бепул, давлат томонидан қопланади.

Мустақил равишда Польша ёки Молдовага ӯтган фуқаролар тақдири нима бўлади? Рўйхатдан ӯтмаса, улар чартер рейслар рўйхатига кира оладими?

- Мустақил ӯтган фуқароларимиз, Полшадаги элчихонага мурожаат қилиши мумкин. Чегарада ҳам улар муҳофазага олинмоқда. Рўйхатда йўқ бўлса ҳам чартер рейсга чиқишади.

Молдовада ҳаво қатнови тӯхтатилган. Шунинг учун бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимиз бу муаммони қандай қилиб ечиб, фуқароларни олиб чиқиб кетишни ӯйлашмоқда. Асосийси улар хавфсиз ҳудудда.

Украинада 4 мингдан зиёд фуқароларимиз бор дейилди. Уларни қанчаси билан алоқа ӯрнатилган? Ҳалок бӯлганлар ҳақида хабарлар эшитмадингизми?

- 4300 нафардан зиёд фуқароларимиз бор ҳозирги вақтда. 3000 дан зиёд фуқароларимиз билан яъни, 80-90 фоизи билан алоқадамиз. Яраланганлар тўғрисида ҳеч қандай хабар бӯлмади.

Ӯзбекистонда туриб фуқароларимиз у ёқдаги ватандошларга ёрдам бера оладими?

- Афсуски, ёрдам беришолмайди. Битта илтимосим, қайсидир яқини билан гаплаша олмаётган бӯлса, ваҳима қилмасликларини сӯраб қолардим. Телефон қуввати йӯқлиги ёки интернет трафик ӯчганлиги билан боғлиқ муаммолар орқали ҳам улар хабар беролмаётган бўлиши мумкин, албатта. Оғир аҳволдаги ватандошларимиз йӯқ ҳозир. Маълумот олиш учун ҳам расмий жойлардан хабарларни ӯқишларини тавсия қиламан. Чунки ёлғон маълумот жуда кӯп тарқалмоқда.

Суҳбатни тўлиқ аудиода тинглашингиз мумкин.

Изоҳ: Суҳбат бугун, 27 февраль куннинг биринчи ярмида ёзиб олинган. Ўтган вақт мобайнида вазият ўзгарган бўлиши мумкин. Элчихона ходимларининг юкламасини инобатга олиб, уларнинг ишларига халақит бермаслик мақсадида норасмий бўлсада, ҳозирда жараёнлар ичида бўлган инсондан маълумотлар олинди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар