Беш дақиқалик шахсий фикр
Мен бу онлайн транслацияни кўрганимга анча вақт бўлган бўлса-да, фикр айтиш истагидан воз кеча олмадим. Ёзмасликка, гапирмасликка ўзимни анча уринтирдим. Бир икки нафар жонкуяр депутатлар ҳақи ҳурмати кўз ҳам юмиб ўтишим мумкин эди. Лекин журналистика касби олдида, шу депутатларга ишонган, тақдирини ҳал қилаётган 35 миллион халқнинг олдида гапирмаслик, ёзмаслик ҳам виждонсизлик бўлар эди.
Совет даврида қишлоқ бригадирлари ҳам депутат бўлганини эшитгандим. Пахта даласидан бошқа нарсани кўрмаган бригадирлар гўёки халқ вакили сифатида қонунларни қабул қилиш ва ўзгартиришда қатнашиб келишарди. Ўтирган жойларида ўзларини халқ учун муҳим ва ўта аҳамиятли иш қилаётгандек хис этишарди. Аслида эса кўпам нима иш қилаётганларини тушунаверишмаган. Умри далада ўтган, қўй ва подадан бошқа ҳеч нарсани кўрмаган ноиблар халқ тақдирини қандай ҳал қилишини тасаввур қилаверинг. Муҳими ҳукумат “…чекка қишлоқлардан вакиллар борми?”, “Бор”, қабилида иш тутган.
Онлайн узатилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисини кўриб, бугунги депутатларнинг ҳам аслида собиқ империянинг сиёсати маҳсули бўлганлардан унчалик кўп фарқ қилмаслигини тушунасиз. Депутатлар ҳамон пахта далаларида қолиб кетганини ҳис қиласиз.
Бу ҳақида ёзмаслик, жим туриш имконсиз. Ўзбекистоннинг 35 миллиондан ортиқ аҳолиси тақдири билан боғлиқ қонунларни муҳокама қилаётган депутатлар бир-бирини қайси қонун ҳақида гапираётганини англай олмай турса... Шунчалар бефарқ, шунчалар масъулиятсизлик эканликларини кўриб ол қоласан киши. Тақдиримиз кимларга қолганига йиғлагинг келади.
***
Спикер: Бошқатдан ўқиб беринг
Депутат: 35-моддасига эътибор қаратгандим.
Спикер: Ўқинг
Депутат: Транспорт инфратузилмаси объектлари ҳақида гап борган.
Спикер: Матнни ўқиб беринг.
Депутат:.....(сукунат)
Спикер: Қани шу қонун кимда бор?
Депутат: Очдим
Депутат ўқиб беради
Спикер: Сиз боя бошқа қонунни ўқиб бергандиз.
Орага Алишер Қодиров қўшилади.
Алишер Қодиров: Қўмита умуман ишламаган
Спикер: Қўмита ишламаган дейишга ҳақингиз йўқ, чунки қўмита ишида ўзизам қатнашгансиз.
Алишер Қодиров Спикерга: Сизам қатнашгансиз. 45 минутдан бери иккита моддани муҳокама қиляпмиз.
Спикер: Керак бўлса кечгача қиламиз.
Бироздан кейин орага Илҳом Абдуллаев қўшилади. Унинг нима деганини ҳатто спикер ҳам тушунмайди.
Якунда қайси модда ҳақида гап боряпти, ҳамма ҳар хилини айтади. Депутатлар қонун моддаларини умуман англамай қабул қилишади шекилли...
***
Катта ҳашаматли кашонада, кашонадан-да баланд номи бор Олий Мажлисдаги депутатларнинг аҳволи шу.
Мени саволлар қийнайди: Шу депутатларимиз қонунлар қабул қилаётганида, халқнинг тақдирини ҳал қилаётганини ўйлармикан? Минглаб, миллионлаб ўзбекнинг эр йигитлари мардикор бўлиб ўзга элларга заҳмат чекаётганини бир лаҳза бўлса-да кўз олдига келтирармикан?
Ахир улар ана шу элнинг, фарзандларнинг, юртнинг тақдирини шу кашонада ўзлари билиб билмай ҳал қилишаяпти.
Депутатлар қонунлар қабул қилаётганида, қаҳратон совуқларда бир бурда нон учун меҳнат қилаётган фарзандининг эсон-омон уйига қайтишини дуо қилиб, тунларни кунларга улаётган муштипар оналар борлиги ҳис қилиши керак эмасми?
Ҳаётини, умрини йиртиқ калишда ўтказаётган, овулидан бошқа ҳеч жойни кўрмаган, газсиз, электрсиз борига қаноат қилиб яшаётган шу элнинг аёллари борлиги уларнинг ҳам қалбини титратармикан? Бир бор бўлса-да, шу кошонада ўтириб шундай жафокаш миллатнинг тақдирини бир бирини тушунмай, нима қилаётганини, нима деяётганини ўзи билмай турган депутатлар ўйлашига ишонадиганлар борми?
Айланма ором курсиси, давлат берган текин уй-жой, машина, ойлик, депутат деб кўксига таққан "значок"... бунинг масъулияти йўқми ёки сизларда?
Юртидан кетган мардикор йигитлар, бўзлаб қолган оналар, мамлакати қудратлию, лекин қишлоғига оддий шароит ҳам бормаган, қорни нонга тўймай ўсаётган болалар тақдирига шу депутатлар ҳам жавобгар эканини билишармикан?
Мени туҳмат қилаётганда ёки буюртма ёзаётганда айблашингиз мумкин. Лекин ўзингизнинг юзингизни ўзингиз кўриб турибсиз-ку. Ҳаммаси шу онлайн тасвирларга мухрланган, балки эндилар тонмассиз, нима қилаётганингизни кўриб.
Барча депутатлар ҳам шундай дея олмайман, саноқлигина депупутлар қандай ишлаётганини халқ аллақачонлар баҳо бериб бўлган. Қани эди бошқаларингиз ҳам улардек ишлай олсангиз.
Авваллари депутатларни интервьюсида тайинли пичоққа илинадиган гап бўлмаганига ҳайрон қолардим. Эндиликда ичкаридаги вазиятни кўриб, муҳокамада бир-бирини тушунмаган, қайси қонунни ўқиётганларини англамаётган депутатлар бекорга журналист тутган микрафонга бир оғиз гап айтолмасликларини англагандекман.
Президент халқ ҳаётини тартибга солиш ҳақида қайғуради. Имкониятлар очилишини, мана бундай депутатлар халқ номидан ҳукуматга талаб қўйишини, уйғонишини айтаяди.
Аммо ҳукуматда кўп бора керак бўлган қонун ижодкорларининг бу каби муҳокамалари одамни жиддий хавотирга солади. Наҳот 35 миллионлик аҳоли тақдири ана шу бир боғдан, бири тоғдан келаётган депутатлар қўлида бўлса.
Тақдиримиз кимлар қўлида қолди?..