Белорусия президенти Александр Лукашенко икки бора Ўзбекистонга қарата таҳдиднамо чиқишлар қилди. Унинг таҳдидларини Ўзбекистон расмийлари жавобсиз қолдирди. Бир ҳафта ўтиб янграган жавобда исм-шарифлар очиқ айтилмади ва умумий фикрлар билдирилди.
Ижтимоий тармоқлар эса блогерларнинг Лукашенкога қаратилган кескин жавобларига тўлди. Ташқи ишлар вазирлиги сайтида муносабат кўринмади ва матбуот хизмати ҳам журналистлар билан алоқага чиқмади. Бундай вазиятларда тезкор брифинг ёки пресс-конференция ўтказишга одатланмаган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Лукашенконинг таҳдидларига ҳам пинагини бузмади.
Аммо, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон расмийлари Лукашенконинг оғзаки таҳдидларини жавобсиз қолдирмади, деган фикрда. Сафоев «расмийлар жим тургани йўқ, парламент вакиллари гапирди», дея жавоб қиларкан, Лукашенкога нисбатан ўз муносабатини ҳам билдирди. Содиқ Сафоевнинг Белорусия президенти таҳдидларига жавоби Президент Шавкат Мирзиёевнинг айни мавзу юзасидан билдирган муносабати билан ўхшаш кўринади:
«Бизни муносабатимиз аниқ ва равшан. Ўзбекистоннинг ўз йўли бор, сиёсий қарорлар қабул қилинган. Ҳар қандай четдан туриб Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашувларга ҳеч қачон йўл қўйилмайди. Бу борада бизни танлаган йўлимиз аниқ ва барқарор», деди Содиқ Сафоев.