Танзила Норбоева айтган «5 йил олдинги тарих» Бағдодда ҳалигача давом этмоқда

16.02.2022 12:47

Энергетика вазирлигининг Фарғона водийсида тез-тез «свет» ўчаётгани ҳақидаги хабарларни рад этиши фонида Rost24.uz сайтига Фарғона вилояти, Бағдод туман аҳолисидан кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

Энергетика вазирлиги аввалига Бағдоддаги электр узилишларини рад этди. Кейинчалик эса ҳудуд электр тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини тушунтирди. Аммо, ҳозирга келиб, созлаш ишлари якунланган бўлсада, аҳоли мунтазам равишда электр узилиши кузатилаётганидан нолимоқда.

Аҳолининг айтишича, туман ҳудудида мунтазам равишда электр узилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Кундуз кунлари 3-4 марта қисқа муддатга, кечаси эса соат 20:00 дан 22:00 гача доимий равишда электр ўчирилади.

«Мана масалан, бугуннинг ўзида «свет» 4 марта ўчиб-ёнди. Эрталаб соат 9:00 да ўчиб 11:00 да ёнди, 13:00 да ўчиб 16:00 да ёнди, лекин ярим соатга бормай яна ўчиб қолди. 17:40 да ёниб 20:00 да ўчди. Шу билан 21:00 дан кейин ёнди» - дейилади бизга жўнатилган мурожаатларнинг бирида.

Бағдодликлар ушбу муаммо бўйича Бағдод ҳудудий электр тармоқлари АЖ га кўп маротаба мурожаат қилишган. Улар эса электр ўчирилишини ўз навбатида бу «тепадан» келаётган буйруқ эканлиги билан изоҳлашган.

«Тепа»дагилар, яъни “Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари” АЖ эса «ёқилғи қуввати етмаётгани учун» тармоқда узилиш кўп кузатилаётгани ҳақида маълумот берган. Шунингдек, электр тармоқлари ходими бу чекловнинг қачонгача давом этиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган:

«Буни аниқ айтолмайман, масалан ўтган йили ёзгача ҳам ток бўлмади, ундан олдинги йил эса бўлди».

Аммо, Энергетика вазирлиги бир муддат аввал «Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари истеъмолчиларининг электр энергияси таъминоти ишончлилигини янада ошириш мақсадида 500 кв.ли электр узатиш тармоғи ҳафта давомида, тунда таъмирга чиқарилиши режалаштирилган»и ҳақида маълумот берган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган 2021 йилда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева «свет» ўчиши ва зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил аввалги тарих экани ҳозир, бу тарих ҳаммаси бартараф этилганини айтган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
18.02.2022 21:24
Хурматли Танзила Норбоева вақт топиб Багдоднинг Марказий Фаргона чўлларига келишганда << 5-йил олдинги тарих>> билан хозирги <<СВЕТ ЎЧИШИ >> ни бир кўришарди
16.02.2022 19:09
Rishtonda ham dogdoddagidek ochyabdi