Бироз аввал сайтимизда Инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг маълумотига таяниб, Ички ишлар ходими томонидан олиб кетилган фуқаронинг 4 соат ӯтар-ӯтмай жасади келгани ҳақида хабар эълон қилинган эди.
ИИВ ахборот хизмати бу хабарни ички ишлар органлари ходимлари номига доғ тушириш мақсади кўзланган, дея таснифлаб раддия берди.
Раддияда таъкидланишича, жорий йилнинг 11 февраль куни соат 20:30 да Қашқадарё вилояти Миришкор тумани, Маданият маҳалласида яшовчи фуқаро А.К. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, шу туманнинг Чандир қишлоғида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро С.Х. кўчада маст ҳолатда қўни-қўшнилар билан жанжаллашиб, уларнинг тинчлигини бузаётганини маълум қилган.
Воқеа жойига етиб борган профилактика инспекторлари ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириб, маст ҳолатда бўлган, соғлиқни сақлаш органларида спиртли ичимликларга ружу қўйган шахс сифатида ҳисобда турувчи фуқаро С.Х.ни Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти минтақавий филиалига жойлаштирган. Бемор С.Х. шифокорлар кўригидан ўтказилиб, стационар даволанишга ётқизилган. Соат 23:40да бемор С.Х.нинг соғлиғи ёмонлашгач, у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё вилояти филиалига етказилган.
Касалхонада бемор С.Х.га шифокорлар томонидан бирламчи тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, у 12 февраль куни соат 01:30да «Алкоголдан ўткир заҳарланиш оғир даражаси, аспирацион синдром, алкоголь комаси ўткир нафас етишмовчилиги II, III даражаси, ўткир юрак қон томири етишмовчилиги II даража» ташхиси билан вафот этган.
Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олинган ва ўрганиш натижасига кўра, марҳум С.Х.нинг танасида тан жароҳати ва бошқа жисмоний куч ишлатиш билан боғлиқ белгилар аниқланмаган, дейилади раддияда.
Бундан шу кўринадики, фуқаронинг ўлими тасдиқланди. Мурожаат соат 20:30 да бўлган беморни соат неччида Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти минтақавий филиалига жойлаштирилгани ҳақида маълумот йўқ. Раддияда бемор дея таснифланаётган фуқаро бошқаларни безовта қилиш даражасида кучга эга бўлганки, инспектор чақирилган. Стационар даволанишга ётқизилган 36 ёшли эркак орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яъни соат 23:40 да соғлиғи ёмонлашгач, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё вилояти филиалига етказилган ва унинг ўлими 1 ярим соатдан кейин қайд этилади.
Прокуратура органлари бу ишни жиддий ўрганишига ишонамиз. Маст фуқаро беморга айланиши оддий ҳол бўлганда, Ўзбекистонда алкоголь ичимлик ичадиган барча фуқаролар шундай тез ўлимга дучор бўлар эди, тўғрими?