Ўзбекистонда кўпинча ер ажратиш масаласида ҳоким ўринбосарлари пора олишади. Асосийси негадир уларда турли муддатлар жазо сифатида тайинланади.
Rost24.uz сайти «порахўр замҳокимлар» рейтингини эълон қилади!
***
50 000 АҚШ доллари
Демак, рейтингимизни юқорида таъкидлаганимиз Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосари Умид Яхшиев очиб беради. У 50 000 доллар пора олаётган вақтида ушланган. Умид Яхшиев подполковник унвонига эга ва бунга қадар Қашқадарё ИИБ бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Ҳоким ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимига эса 2021 йилнинг ноябрь ойидан киришган. Умид Яхшиев фуқарога ер олиб беришни ваъда қилиб 80 000 доллар талаб қилган ва ундан 50 000 АҚШ долларини олаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинганлиги маълум қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28, 211 (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
***
40 000 АҚШ доллар
Бундан бир неча кун аввал Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари 40 000 доллар пора билан ушлангани ҳақида хабар берилди. Юлдашев Умид Азимович Оққўрғон туманида жойлашган фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган 35 гектар ер майдонини сотиш ва ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига келишилган 90 000 АҚШ долларидан 40 000 АҚШ долларини олган вақтида қўлга тушган.
***
Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокимининг ўринбосари Ж. Машрапов хусусий тадбиркорга майдони 9 гектар бўлган ерни $60 минг эвазига таклиф этиб,25 минг доллар олаётганда қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.Бу ўринбосарни қайси поғонага жойлаштиришни билмадик. Чунки. у олган пора миқдори шу пайтгача ҳар хил миқдорда айтилади. Масалан, Газета.уз, ББС.узбек сайтларида берилган хабарларида 15 октябрь куни Ўзбекистон президенти ҳузурида ўтказилган коррупцияга қарши курашиш масалаларига оид йиғилишда Қибрай туман ҳокими ўринбосарининг 35 минг доллар пора олгани ҳақида маълумот берилган. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев эса Ж.Машрапов олган пора миқдорини 15 минг доллар эканлигини айтган:
«Қибрай тумани ҳокимининг ўринбосари Машрапов «Flower sity» жамияти раҳбари Аҳмедовга қарийб 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 15 минг доллар пора олган. Бундан ташқари, Машрапов ўзи ташкил қилган «Салом Мега Строй» жамиятига туманнинг турли ҳудудларидан жами 10 гектар ерни гўё иссиқхона ажратиш ва сабзавотчиликни йўлга қўйиш мақсадида ажратилишига эришиб, кейинчалик ушбу ер майдонларини 60 минг долларга сотиб юборган».
Суд ҳукмига кўра, Жамшид Машрапов Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида 11 йил озодликдан маҳрум қилинган.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг ўринбосари З.Мирзаходжаев ҳам Бўстонлиқ тумани ҳудудида жойлашган 5 сотих ер майдонини 25 000 доллар олаётган вақтида ушланган. Унга нисбатан 10 (ўн) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
***
20 000 АҚШ доллар
Фарғона вилояти, Бувайда тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Деҳқанов жорий йилнинг октябрь ойида Бувайда туманида жойлашган «Эркин иқтисодий ҳудуд»дан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 50 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари олган вақтида жиноят устида қўлга олинган.Фарғона вилояти, Бувайда тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Деҳқанов жорий йилнинг октябрь ойида Бувайда туманида жойлашган «Эркин иқтисодий ҳудуд»дан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 50 сотих ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари олган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
***
10 000 АҚШ доллари
Ўтган йил август ойида Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдуҳалилжон Нурматов ва вилоят минтақавий темир йўл узели молия бўлими бошлиғи пора устида қўлга олинган эди. Улар 2,5 гектар ер майдонида бино ва иншоотлар қуриш бўйича аукционда ғолиб бўлиш эвазига тадбиркордан 180 минг доллар талаб қилишган. Ушбу маблағлардан 10 000 долларини олаётган пайтида ушланган. Суд хукми ўқилиб, 5,5 йилга қамоқ жазоси берилган.
Наманганда ҳам 10 000 АҚШ долларлик пора билан Янгиқўрғон туман ҳокими ўринбосари ушланган эди. Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Элёржон Ортиқов 10 000 доллар эвазига 10 гектар ерни олиб беришни ваъда қилган. Янгиқўрғон туман матбуот котибининг маълум қилишича, у ҳозир қамоқда.
***
6000 АҚШ доллари
Навоий вилояти Навбаҳор тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Ойбек Хаиров 6000 АҚШ доллари миқдорида пора билан қўлга тушган эди. Ҳоким ўринбосари туманда балиқчилик билан шуғулланиш ниятида бўлган тадбиркорга ер ажратиб бериш учун юқорида келтирилган миқдорда пора олган. Айрим маълумотларга кўра Конимех туманидаги балиқчиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятга Навбаҳор туманидаги сув коллекторида мақсадсиз оқиб ётган сувни 6 км дан ортиқроқ масофада ариқ қазиб олиб келиш учун туман ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб бериш эвазига олган. Жиноят кодексига кўра унга 7 йил жазо тайинланган. Аммо кўп ўтмай суд қарорига кўра жазо муддати «қилмишига номуносиб тортилган жазо» бўлгани учун 5 йилга қисқартирилган. Шунингдек, расмий ҳужжатда унинг аслида 4000 АҚШ доллари ҳамда 16 000 000 сўм олгани ёзилган.
***
5000 АҚШ доллари
Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Э.З фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган иморатга эгалик ҳуқуқини берувчи туман ҳокимининг қарорини чиқариб бериш эвазига 5000 доллар олаётган вақтида қўлга тушган. Сўнги маълумотларга қараганда ҳоким ўринбосари 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. У узоқ йиллар давомида «Ўзуйжойжамғармабанк» банки тизимида раҳбар лавозимларида ишлаган, "Makon Kapital Invest" МЧЖ таъсисчиси ва молия масалалари бўйича маслаҳатчи ҳам бўлган.
***
2000 АҚШ доллари
Жиззах шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари в.б. $2000 пора билан қўлга тушди. Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Ойбек Нурматовни ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш бўйича ўтказиладиган тендер савдоларини олиб бериш эвазига тадбиркордан 2000 доллар талаб қилган. У бир вақтнинг ўзида шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи ҳисобланган.
***
Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари Алишер Тўймачов, Кадастр бўлими бошлиғи И.Қорабоев билан биргаликда 18 март куни Оққўрғон туманида жойлашган 1,5 га ер майдонини 1500 АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган. Суд ҳукми билан унга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.