Украинада уруш бошланадими?

13.02.2022 01:08

12 февраль куни Тошкент вақти билан тахминан 18:00 да Украина шарқида жойлашган Донецк шаҳрида портлаш бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маълумотларга кўра, 152 мм.лик снаряд Донецкка келиб тушган.

11 февраль куни Евроиттифоқ, НАТО, Канада, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Полша ва Руминия вакиллари билан бўлиб ўтган видеомулоқотда АҚШ президенти Жо Байден Россия 16 февралда Украинага ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган, АҚШ миллий хавфсизлиги бўйича президент маслаҳатчиси Жейк Салливан эса Россия Олимпия ўйинлари тугагунча, яъни 20 февралга қадар Украинага ҳужум қилиши мумкинлигини баён қилган эди.

Украинада уруш бошландими?

Ҳозирча бу маълумот расман тан олинмади, хусусан, Украина президенти Зелинский аҳолини ваҳимага берилмасликка чақириб, уруш хавфи борлигини инкор этди.

Аммо бутун дунёдаги сиёсий кучлар Украинадаги вазиятни бошланаётган уруш сифатида баҳоламоқда. Хусусан, НАТО бош котиби Украина атрофидаги вазият туфайли Европада уруш хавфи юқори эканлигини маълум қилди.

Бир қатор давлатлар ўз фуқароларини бу давлатни тарк қилишга чақиришди, улар орасида Япония, Норвегия, Черногория, Бельгия, Кувайт, Германия, Испания каби мамлакатлар бор.

АҚШ Киевдаги элчихонаси хизмати тўхтатилганини маълум қилиб, ўз дипломатларини Украинадан олиб чиқишини маълум қилди, Россия дипломатлари ҳам бу ҳудудни тарк этишни бошлашган.

Латвия эса Украинадан борадиган эҳтимолий қочқинлар оқимига тайёргарлик кўрмоқда.

Россия ва Франция президентлари Украинадаги вазиятни телефон орқали 1 соату 40 минут муҳокама қилишгани айтилди.

Хўш, Украинада уруш бошланиши эҳтимолининг асосий сабаби нимада?

2021 йил ноябрда Ғарб оммавий ахборот воситаларида Россия — Украина чегарасида ҳарбий ҳаракатларга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар чиққан, хусусан, The Washington Post европалик ва америкалик амалдорларга таяниб, «Россия ғарбидаги вилоятларда ҳарбий техникалар ноодатий равишда ҳаракат қилаётгани»ни хабар қилган эди.

Ноябрда эса Америка хуфия хизмати европалик ҳамкасбларини «Москвага халақит қилиш учун жуда оз вақт қолгани ҳақида огоҳлантиргани» ҳақида хабарлар чиқди.

Расмий Кремль эса ҳарбий техника ва ҳарбийларни мамлакат ичида ҳаракатлантириш фақат ва фақат Россиянинг иши эканлигини айтди ва Дмитрий Песков «Украина ўз муаммоларини ечиш учун яна куч ишлатиш пайида», дея баёнот берди.

Бу мамлакатдаги сиёсий вазият ва ташқи таъсирларни кузатиб, таҳлил қилиб борувчи дунёнинг бир қанча сиёсатчи-экспертлари Украина АҚШ ва Россия ўртасида ўйинчоқ бўлаётгани ҳақида турли фикрлар билдириб келишади, аммо ушбу фикрлар бу давлатлар томонидан ҳеч қачон тан олинмаган.

Маълумот учун, ўтган йилнинг 7 декабрь куни Россия ва АҚШ президентлари Путин ва Байден томонидан ўтказилган икки соатлик видеомулоқотда асосий мавзу сифатида Украинадаги вазиятни муҳокама қилишган эди.

Шунингдек, бугун ижтимоий тармоқларда Украинадан 10 км. узоқликдаги Валуйки қишлоғи яқинида кўплаб Россия ҳарбийлари бир жойда йиғилиб тургани видеоси тарқалгани ортидан Киевда украиналиклар «Россия агрессияси»га қарши юриш ўтказишди.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
14.02.2022 03:05
РОССИЯ УКРАИНАГА УРУШ ОЧМАЙДИ, БУ АКШ НИ ВАС-ВАСАСИ ХОЛОС. КАДИМДАН АМЕРИКА КУРОЛЛИ КУЧЛАРИ БОШКА ДАВЛАТЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШ НИКОБИ ОСТИДА УЗ ДАВЛАТЛАРИДАН ПУЛ ЕЧИШАДИ. ГЕНЕРАЛЛАР БОЙИШИ УЧУН ДОИМО ТУРЛИ ХАЛКЛАР УРТАСИГА НИЗО СОЛИБ, УЛАРГА "ЁРДАМ БЕРИШ" НИКОБИ ОСТИДА УЗ ДАВЛАТЛАРИ БЮДЖЕТИДАН "ПУЛ ЮВИШГА" ОДАТЛАНИШГАН. КОЛАВЕРСА ХОЗИРДА УЙИНЧОК БУЛИБ ТУРГАН УКРАИНАНИ УЗ МУСТАМЛАКАЛАРИГА АЙЛАНТИРИШ МАКСАДЛАРИ ХАМ ЙУК ЭМАС.