Rost24.uz мухбири аҳоли гавжум жойларда одамлар фикрини ўрганди.
- Пенсиям дори - дармонга етиб турибди. Қолганини қўяверасиз энди.
- Пенсия бор - ку, гапиришгаям арзимайди.
- Ҳеч нарсага етмайди, кўчада кира қилиб юрибман етмишга кириб.
- Сал кам 2 млн оламан. Худога шукр.
Респондентларнинг кўпчилиги олаётган пенсиясини дори - дармонга ишлатиши ва бу етмаслигини айтишган.
Эслатиб ўтамиз, пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўмни ташкил этади.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси матбуот хизматининг маълумотига қараганда, Ўзбекистонда 1991—2021 йиллар давомида Президент фармонларига асосан пенсиялар миқдори 67 маротаба оширилган.
Шундан, 2021 йил сентябрь ҳолатига кўра бир ойлик ўртача пенсия миқдори:
Тошкент шаҳрида — 1 250 992 сўм;
Навоий вилоятида — 1 176 323 сўм;
Тошкент вилоятда — 1 012 617 сўм;
Бухоро вилоятида — 941 411 сўм;
Сирдарё вилоятида — 936 392 сўм;
Қорақалпоғистон Республикасида — 918 930 сўм;
Самарқанд вилоятида — 902 172 сўм;
Қашқадарё вилоятида — 876 728 сўм;
Хоразм вилоятида — 870 800 сўм;
Сурхондарё вилоятида — 850 685 сўм;
Жиззах вилоятида — 848 930 сўм;
Фарғона вилоятида — 836 856 сўм;
Наманган вилоятида — 802 125 сўм;
Андижон вилоятида — 801 640 сўм.
2021 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, республика бўйича пенсия олувчиларнинг умумий сони 3 548 093 нафарни ташкил этмоқда (умумий аҳоли сонидаги улуши 10,2 фоиз). Бу 1991 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 1 389 098 нафарга ёки 64,3 фоизга кўп.
Бир вақтнинг ўзида истеъмол товарлари нархи бир неча баробарга ортмоқда. Биргина мисол, 2018 йилда бир килограмм гўштнинг нархи ўртача 28 минг бўлган бўлса, ҳозирда мамлакатимиз бозорларида қорамол гўшти ўртача 70-80 минг сўмгача сотилмоқда.