«Халқ душмани»нинг хотини, Бош прокурор ёрдамчиси қандай қийноқларга дучор бўлганди?

05.02.2022 09:16

Ўзбекистоннинг биринчи аёл ҳуқуқшуноси, 24 ёшида ЎзССРнинг бош прокурор ёрдамчиси бўлган Дилоро Юсупова ҳам қатағон таъсиридан чеккада қолмаган.  ЎзА эълон қилган мақолада тарихчи олим Баҳром Ирзаев Ўзбекистонда замонавий юридик билимларга асос солган ёшлар – Дилоро Юсупова ва унинг турмуш ўртоғи ҳуқуқшунос Муҳаммаджон Мўминов ҳақида ҳикоя қилди:

Ўрта Осиё, ХX асрнинг боши, бир замонлар жаҳон илм-фани бешиги бўлган бу ўлкада таълим оқсаган давр. Айниқса, бу вақтда қизларнинг замонавий билимларни эгаллашига ҳеч қандай муассасалар мавжуд эмасди. Мана шундай мураккаб ва муросасиз замонда Дилоро каби кўплаб ўзбек қизлари мислсиз ирода кўрсатди. Улар бир нечта тилларни ўрганди. Москва, Боку, ҳатто Германиянинг Берлин Дрезден каби йирик шаҳарларида илм олди, ватанга қайтиб, мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнади. Шундай қизлардан бири Дилоро эди...

ТАЪҚИБ ВА ҚУВҒИНДАГИ БОЛАЛИК

Ўзбекистоннинг биринчи аёл ҳуқуқшуноси, ЎзССР бош прокурори ёрдамчиси Дилоро Юсупова 1911 йил Бухоро шаҳрида дунёга келади. Унинг отаси Собиржон Юсупов «Ёш бухороликлар» ташкилотининг фаол аъзоларидан бўлиб, рус тилини билгани боис сиёсий ҳаракатларда фаол қатнашганди. Шу сабаб Дилоронинг болалиги отасининг сиёсий қарашлари туфайли таъқиб ва қувғинларда ўтди.

Дилоро 6 ёшлигида онаси билан Бухоро амирлиги ҳудудидан сургун этилди. Тошкентга келгач ҳам аввал чор охранкаси таъқибида, сўнг доимий равишда ЧК айғоқчиларидан яшириниб яшашга мажбур бўлади. Дилоро онаси билан ҳали у ерда, ҳали бу ерни макон тутиб, кун кечирди.

МУРАККАБ ДАВРДА ИЛМ ЙЎЛИДА КУРАШ

Дилоро Юсупова мана шундай қийин шароитда ёш бўлишига қарамай, илм йўлини танлади. У 11 ёшида Бухоро Халқ Жумҳурияти томонидан Москвага ўқишга юборилди. У ерда ўзининг иқтидори, билимга ташналиги билан 1924 йилдаёқ Москвадаги ўзбек талабалари орасида танилди. 1926 йил мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Ўзбекистонга қайтди.

ПРОКУРАТУРАГА ЙЎЛ

У Тошкентда комсомолининг округ қўмитасида ишлаш баробарида Ўрта Осиё давлат университетининг суд бўлимига ўқишга кирди. Аспирантурага тайёрланади. Совет ҳуқуқи илмий-текшириш институтига ўқиди. Шундан сўнг битириш имтиҳонларини топширгач, йўлланма билан Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига ишга юборилди. Синов муддатидан сўнг у 1935 йил 24 ёшида Ўзбекистон Республикаси прокурори ёрдамчиси лавозимига тайинланди.

ЎЗБEКИСТОНДА ЮРИДИК БИЛИМЛАРГА АСОС СОЛИНИШИ

Дилоро Юсупова Москвадаги ўқишда танишган, ЎзССР Олий суди судьяси бўлган наманганлик Муҳаммаджон Мўминов билан турмуш қурди. Муҳаммаджон Мўминов Ўзбекистонда юридик билимларнинг шаклланишига асос солган ёш ҳуқуқшунос эди. У Самарқандда Ўзбекистон Олий суди коллегияси аъзоси, 1931-1935 йилларда суд тизимидаги қатор муҳим лавозимларда фаолият олиб боради. Кейинроқ унинг ташаббуси билан шу институт базасида Ўзбекистондаги биринчи юридик институт пайдо бўлди. Унинг ғайрат-шижоати туфайли қисқа вақтда кўплаб юридик луғатлар, журналлар, китоблар чиқарилди. Айниқса, Муҳаммаджоннинг 1932 йил «На фронте теории государства и права» китоби нашрдан чиқиши катта шов-шувга сабаб бўлди.

ДАҲШАТЛИ ҚИЙНОҚ, ТИРИК МУРДАГА АЙЛАНГАН ҲУҚУҚШУНОС

Ёш оила бахтдан сармаст эди. Ишдаги зиддиятлар, ҳасадгўй, кимсаларнинг бўҳтонларига қарамай, улар ҳар куни янги-янги ғоялар, янги асарлар устида баҳслашарди. Уларнинг бағрида ўғли Марат ва Сурайё улғаяди...

Бироқ, 1937 йил 29 март тунида бахтли ёш оиланинг эшигини номаълум нусхалар таққилатди. Ордерни кўрсатиб, оила аъзоларини деворга турғазиб қўйган ҳолда тонггача нималарнидир қидиришди. Эрталабга яқин барча нарсаларни хатлаб, Муҳаммаджон Мўминовни олиб кетишди. Ўшанда Муҳаммаджон ЎзССР Адлия комиссарлигининг аҳолига юридик ёрдам ва суд ҳимоя бўлими бошлиғи, Дилоро Юсупова эса ЎзССР Бош прокурори ёрдамчиси эди.

Бир кунда хонумонидан айрилган Дилоро аввалига ҳеч нарсани тушунмади. Бу ҳодисани дастлаб, эрининг ортидан тез-тез бўлиб турадиган туҳматлардан биридир деб ўйлади. Бироқ, жуда қийин жараёнлардан сўнг берилган рухсат ортидан эри билан учрашгач, англадики, бу гал вазият жуда бошқача. Бир неча кунги даҳшатли қийноқлардан сўнг Муҳаммаджон аллақачон ўлимни бўйнига олган, "тирик мурда"га айлантириб ташланган эди...

ҲАҚИҚАТ УЧУН КУРАШ

Дилоро эрининг айбсизлигини исботлаш учун барча чораларни қўллади. Москвага яшин суратда НКВДнинг амалга ошираётган бедодликлари ҳақида махсус хат йўллади. Зудлик билан махфий тарзда эрининг собиқ дўсти Давлат Ризаев билан учрашди. Унга эри Муҳаммаджон Мўминовга нисбатан амалга оширилаётган ноҳақликлар ҳақида айтиб, юқори ташкилотларни бундан хабардор қилишини сўради. Афсуски, бу вақтга келиб, на Москвадан, на маҳаллий ҳукуматдан ҳеч қандай умид қолмаган эди...

«ХАЛҚ ДУШМАНИ»НИНГ ХОТИНИ

Муҳаммаджон Мўминовга «халқ душмани» деган айбловни қўйишди. Дилоро эса «эрининг аксилинқилобий фаолиятини яширган» деб ҳибсга олинди. Уларнинг 6 ёшли ўғли Марат ҳамда 4 ёш қизи Сурайё "Болалар уйи"га юборилди. Муттасил жисмоний қийноқ ва шафқатсиз таҳқирлар остида ўтказилган сўроқларда Дилоро эрининг ҳам, ўзининг ҳам айби йўқлигини исботлади. Бироқ, 1938 йил 4 октябрида Муҳаммаджон Мўминов "Москвада бўлган намойиш раҳбарларидан бири" деган бўҳтон билан отиб ташланади. Кейинчалик тергов вақтида қўлланган қийноқ ва сўроқлар ҳақида ҳеч қачон гапирмаслик шарти билан Дилорони озод этишди. У қамоқдан қайтгач, фарзандларини болалар уйидан олди. Оддий ишларда ишлади ва умрини фарзандларининг тарбиясига бағишлади.

КУРАШЛАРДА СИНМАГАН ОНА

Сталин вафотидан сўнг бошланган «илиқлик даври»нинг илк кунларидан Дилоро Юсупова турмуш ўртоғи Муҳаммаджон Мўминовнинг шаъни учун курашди, унинг ишини қайта кўришларини талаб қилди. Дилоронинг эрини оқлаш йўлидаги муросасиз кураши бесамар кетмади ва ниҳоят, 1957 йилда Муҳаммаджон Мўминов расман оқланди. Дилоронинг тарбияси билан ўғли Марат Мўминов математика фанлари доктори, профессор бўлиб, кўп йиллар мамлакатимиз илм-фани тараққиёти йўлида залворли ишларни амалга оширди. Қизи Сурайё Мўминова эса Москва медицина институтида ўқиб илм олди.

Вафодор аёл, ҳуқуқшунос, матонатли она бўлган Дилоро Юсупованинг ҳаёти кўп йиллар келажак авлод учун ибрат мактаби бўлиб қолади.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
03.09.2022 04:53
канча одамлар хакикат учун куршиб утиб кетишди
06.02.2022 23:46
Бу ифлос советлар халқимиз бошига не кунларни солмади. Ярамаслар!
05.02.2022 19:08
Хақиқатда зўр ёзилибдт
05.02.2022 15:21
1925 yil 24 yoshda emasku to'g'irlab qo'yinglar.