Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган Фирдавс Абдухолиқов бор йўғи 8,1 млн сўмгача жаримага тортилиши мумкин

01.02.2022 19:32

Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўз оила аъзоларига тегишли телеканалга давлат буюртмаларини бергани юзасидан прокуратура томонидан маъмурий иш очилди.

 Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган ҳужжатлар Бош прокуратура томонидан ўрганиб чиқилиб, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Маъмурий иш белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун 25 январь куни жиноят ишлари бўйича судга юборилган. 

Бу ҳақда бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга асосланиб Kun.uz' хабар бермоқда.

Суд мажлисларига оид очиқ маълумотлар порталида кўрсатилишича, Абдухолиқов МЖтКнинг 175-8-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда гумонланмоқда.

Бу моддага кўра мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (5,4 миллиондан 8,1 миллион сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

Суд мажлиси 2 феврал куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида судья Жаъфар Курбанов раислигида кўриб чиқилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборотига кўра, 2021 йилда Кинематография агентлиги томонидан берилган давлат буюртмалари асосида “Sevimli” телеканали иштирокида “Орзулар палатаси” ва “Тузоқ” сериаллари суратга олинган. 2021 йилнинг 18 май куни агентлик ва телеканал ўртасида жами қиймати 1,8 млрд сўмлик шартнома имзоланган ва 1,8 млрд сўм пул маблағлари телеканал ҳисобрақамига ўтказиб берилган.

Олий суд ҳам Кинематография агентлиги бош директори билан боғлиқ суд жараёни ҳақида расмий ахборот берди. Унда Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухаликовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) нинг 4-қисми билан қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг иш юритувига 2022 йил 26 январь куни келиб тушган ва ишни суд мажлисида кўриш учун 2022 йил 27 январь кунига тайинлангани қайд этилган..

2022 йил 27 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Ф.Абдухаликов иштирок этиб,  кўрсатма берган.

Суд ишни кўриш бўйича 2022 йил 31 январга қадар танаффус эълон қилган бўлиб, шу куни Ф.Абдухаликов судга ариза билан мурожаат қилиб, ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўраган.

Суд жараёни давом этмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар