Марказий Осиё давлатлари Россиядан қандай ҳимояланиши мумкин

31.01.2022 10:16

“Интеграциялашган минтақа янада бойроқ, барқарорроқ ва хавфсизроқ бўлади. Мамлакатлар ўз суверенитетларидан гаров сифатида фойдаланиш ҳақида ўйлашларига ўрин қолмайди”, дейилади The Diplomat нашрининг Марказий Осиё давлатларига бағишланган мақоласида.

Муаллиф Андрю Д’Анерининг мақоласида Марказий Осиё давлатларининг Россия сиёсатидан қандай ҳимояланиши  таҳлилил этилган:

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг 5 январь куни Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) кучларини Олмаотага чақириш қарори Марказий Осиёдаги хавфсизлик муҳитини кескин ўзгартирди. Ҳукуматга қарши норозилик намойишлари шиддатли тартибсизликларга айланган ҳолда, Тоқаев Қозоғистон бўйлаб чет эл томонидан қўллаб-қувватланган террористик гуруҳлар тарқалаётгани ҳақидаги шубҳали даъвони айтди ва КХШТдан тартибни тиклашда ёрдам сўради. Эртаси куни КХШТнинг 4000 нафар аскар, шу жумладан Россиядан 3000 га яқин аскар Қозоғистонга келиб тушди. Улар ўша ҳафтанинг охирида кетишни бошлади.

Москва ва Нур-Султон нуқтаи назаридан, операция муваффақиятли ўтди. Аммо кўпчилик таҳлилчилар бу Россиянинг Марказий Осиёга аралашуви учун янги прецедент бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Россия ва Қозоғистон дунёдаги энг узун чегарага эга. Россия президенти Владимир Путин ва унинг иттифоқчилари Шимолий Қозоғистоннинг муҳим этник руслар яшайдиган ҳудудларини Россияга қайтариб беришни таклиф қилишди. Путиннинг Грузия, Украина ва Беларусга трансчегаравий ҳарбий аралашув бўйича тажрибаси Тоқаевнинг уйқусини қочириши мумкин.

Москва Қирғизистон ва Тожикистонда ўнлаб йиллар давомида минглаб рус аскарларини жойлаштиришга мўлжалланган ҳарбий базаларига эга. Амалдаги келишувларга кўра, Россиянинг Қирғизистондаги Кант авиабазаси камида 2027 йилгача, Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси эса 2042 йилгача очиқ қолади. 2021 йил август ойида АҚШ кучлари Афғонистонни тарк этар экан, Россия кучлари Тожикистон ва Қирғизистонда ўзгарувчан хавфсизлик шартларига жавобан қатор ҳарбий машғулотларни бошлади.

Ўзбекистон Россия билан ҳарбий ҳамкорлик қилишни истамасада, ўтган ёзда ўз ҳудудида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказган. Туркманистон Россиянинг ўз чегараларидаги ҳарбий таъсирини юмшатишга катта даражада муваффақ бўлди, бироқ Кремль вақти-вақти билан Ашхободга таъсирини сақлаб қолиш учун дипломатик босим ўтказиб туради.

Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Россиянинг Марказий Осиёда ҳарбий амалиёт ўтказиши эҳтимолдан йироқ эмас. Аммо Россия қўшинларини Қозоғистонга жўнатгандан сўнг, Марказий Осиё минтақасининг бошқа жойларида ҳам шунга ўхшаш норозилик намойишлари ёки Афғонистон билан чегарада зўравонликнинг кучайиши Россия ҳарбий амалиёти учун баҳона бўлиши мумкин. Путин билан ҳокимиятни бўлишиш Марказий Осиё етакчилари манфаатларига мос келмайди.

Марказий Осиё минтақавий интеграцияга оид саъй-ҳаракатларни тезкорлик билан кузатиб бориш орқали ўзини Россия ҳарбий аралашувидан яхшироқ ҳимоя қила олади. Марказий Осиё давлатлари минтақавий лойиҳаларни анчадан буён ортга суриб келган. Балки, Қозоғистондаги воқеалар уларни қайта эътиборга олишга мажбур қилар. Минтақада яқинроқ иқтисодий алоқалар ва яхши инфратузилма истиқболи пайдо бўлса, Кремлни хатарли ҳарбий аралашувини олдини олиш ҳақида икки марта ўйлашга мажбур қилиш мумкин.

Минтақа раҳбарлари Қозоғистонда воқеалар қандай кечганини кузатишди. Ёқилғи нархининг ошишига қарши намойишлар сиёсий ва иқтисодий шароитдан кенгроқ норозиликни қамраб олди. Автократлар учун халқ норозиликларининг олдини олишнинг энг самарали усули бу фуқароларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган сиёсатни илгари суришдир.

Нархларни пасайтириш, бозорларни кенгайтириш, кичик ва ўрта корхоналарнинг ривожланишини осонлаштирадиган трансчегаравий ташаббуслар кенг кўламда ҳукуматлар ва уларнинг фуқаролари манфаатларига мос келади. Темир йўл алоқалари, энергия таъминотининг яхшиланган тармоқлари ва эркинлаштирилган савдо тизимлари каби лойиҳалар асосий муаммоларни ҳал қилиши ва минтақавий хавфсизликни рағбатлантириши мумкин. Бу ислоҳотлар жуда мураккаб ва албатта вақт талаб этади.

Путин 2020 йилда Арманистонда бўлгани каби, ҳарбий гегемонлигини ошириш учун инқирозлардан фойдаланишга интилади. Бу Марказий Осиё суверенитети учун мамлакатдаги беқарорликни жиловлашни янада муҳимроқ қилади.

Минтақавий хавфсизликни яхшилаш учун Марказий Осиё давлатлари минтақанинг Афғонистон билан жанубий чегарасига қарши кураш бўйича ягона стратегия яратиш устида ишлашлари керак. Россия каби Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам экстремистларнинг ўз чегараларини кесиб ўтиши ва нифоқ уруғини келтириб чиқариши ҳақида хавотир билдирган. Яқинда афғон-туркман чегарасида чегарачилар ва Толибон кучлари ўртасида содир бўлган отишма бу хавотирлар хатарли бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Аммо Тошкент ва Душанбе бу таҳдидга қарши курашда икки хил йўл тутди. Ўзбекистон сўнгги бир неча йил ичида Толибон билан алоқаларни мустаҳкамлади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳатто ўтган йилнинг кузида давлатларни Толибон активларини музлатмасликка чақирган эди. Тожикистон эса минтақадаги Толибонга қарши энг кучли овозга айланди ва қисман мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни тиклаш учун этно-миллатчилик риторикасини қабул қилди. Блоклараро яқинроқ алоқалар асосида қурилган янада изчил минтақавий Афғонистон сиёсати чегарани барқарорлаштириш ва ички иқтисодиётни яхшилашга ёрдам беради. Афғонистон чегарасида ҳамкорликни кучайтириш Россиянинг Тожикистон ва Ўзбекистонга хавфсизлик кафолати сифатидаги катта ролини ҳам синовдан ўтказади.

Марказий Осиё давлатлари АҚШ ва Хитой инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва трансчегаравий сармоя оқимини осонлаштиришга чақириш орқали ўз суверенитетини амалга ошириши мумкин. АҚШ Ривожланиш Молия Корпорацияси кредитлар ва инвестицияларни тақсимлаш учун 60 миллиард долларга эга. Шунинг билан бирга унда Хитойнинг "Бир камар, бир йўл" ташаббусига қарши туриш ваколати ҳам бор. Пекин аллақачон минтақада сезиларли ўринга эга. Хитой – АҚШ иқтисодий рақобати Марказий Осиё мамлакатларига битимлар тузишда кучлироқ музокара олиб бориш имконини беради.

Россия бугун ёки эртага Қозоғистонга бостириб кирмайди, Бишкек ёки Тошкентни босиб олмайди. Аммо Москванинг Марказий Осиёда ҳарбий тармоқлари бор ва ҳар доим инқирозлар ва ижтимоий тангликлардан ўзининг геосиёсий манфаати учун фойдаланишга интилади.

Муваффақиятли Қозоғистон операциясидан сўнг Россиянинг Марказий Осиёга ҳарбий аралашуви таҳдиди кучаймоқда. Ўзларини яхшироқ ҳимоя қилиш учун Марказий Осиё давлатлари бир-бири билан алоқаларни прагматик, лекин тезроқ мустаҳкамлаши керак. Интеграциялашган минтақа янада бойроқ, барқарорроқ ва хавфсизроқ бўлади. Мамлакатлар ўз суверенитетларидан гаров сифатида фойдаланиш ҳақида ўйлашларига ўрин қолмайди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар