Яқинда ҳуқуқ-тартибот идораларида фаолият юритган ҳокимлар сони яна бир нафарга кўпайди.
24 декабрь куни Баҳодир Абдувалиев Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинлангани ҳақида маълум қилган эдик. У 1992 йилдан ҳозирга қадар ҳуқуқ-тартибот идораларида турли лавозимларда ишлаган. Жумладан, 2019 йилдан Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари бўлиб ишлаб келган. У прокуратура тизимидан ҳокимликка ўтган ёлғиз амалдор эмас.
2020 йил сентябрь ойида Асака тумани ҳокимлигига Жалақудуқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Мансурбек Алихонов Мамасидиқович тайинланган эди.
2021 йил декабрь ойида Мансурбек Алихоновнинг аҳоли билан номақбул суҳбати ижтимоий тармоқларда салбий муҳокамалрга сабаб бўлган эди. Мансурбек Алихоновнинг қўлини чўнтакка солиб аҳоли билан муомала қилган сурати ортидан, матбуот хизмати ходими ўз хоҳиши билан ишдан кетган.
Булунғур тумани ҳокимлигига 2021 йил декабрь ойида Самандар Остонов тайинланган. У тайинловга қадар Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Туманнинг олдинги ҳокими Баҳодир Баҳромов эса Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи вазифасидан Булунғур тумани ҳокимлигига сайланган эди.
Илҳом Юсупов 2020 йилнинг июлида Қизириқ тумани ҳокими этиб тайинланган, бунгача эса Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Баҳром Турсунов 2019 йил сентабрида Узун тумани ҳокими этиб тайинланган. Бунга қадар Музработ тумани ИИБ бошлиғи лавозимида эди. Турсунов фаолияти давомида Сурхондарё вилояти ИИБ тизимида турли лавозимларда ишлаган.
Фаррух Ўктамжонов 2020 йилнинг ноябрь ойида Сайхунобод тумани ҳокими лавозимига тайинланган. Бунгача Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Сайидбаҳром Сайидмусаев 2020 йилнинг июн ойида Сўх тумани ҳокими лавозимига тайинланган. У бунга қадар Сўх тумани ИИБ бошлиғи эди. Шунингдек, С.Сайидмусаев Қува, Бешариқ туман ҳамда Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.
Зоир Алиқулов 2016 йилнинг сентябр ойида Деҳқонобод тумани ҳокими сифатида иш бошлаган. Бунга қадар Қашқадарё вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи эди.
Шавкат Мавлонов 2021 йилнинг июнь ойида Чилонзор тумани ҳокими этиб тайинланди. Бунгача Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган. 2021 йилнинг декабр ойида кун.уз Чилонзор тумани ҳокимлиги билан боғлиқ олди-бердилари ҳақида танқидий журналистик суриштирувини эълон қилган эди.
Азизхон Умархонов 2021йил август ойида Олмазор тумани ҳокими сифатида иш бошлаган. У бунга қадар Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи бўлган.
2021 йил 18 ноябрь куни Қашқадарё вилоятига Муроджон Азимов вилоят ҳокими в.б этиб тайинланди.
2018 йилнинг февраль ойида генерал-майор Муротжон Азимов Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланган.
2016 йилнинг сентабридан у Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари, унгача эса Бухоро вилояти прокурори бўлган.