Бир муддат аввал сайтимиз орқали «8 ойлик кураш тугади. Одил суд халқни ғолиб деб топди» номли мақола ҳамда видео эълон қилинган эди.
Унда Зангиота туман ҳокимининг мактаб ва боғча учун мўлжалланган Назарбек ҳудуди 204-контур майдонининг тадбиркорга кўп қаватли уй қуриши учун берилиши тўғрисидаги қарори Тошкент вилоят судлари томонидан ҳақиқий эмас деб топилгани ҳақида хабар қилинган.
Бироқ суд қароридан норози бўлган иккинчи томон, яъни «SkyTech-line» компанияси Олий судга кассация аризасини киритган.
27 январь санасида эса Олий судда мазкур масала кўриб чиқилди ҳамда Зангиота туман ҳокимининг ерни тадбиркорга бериш таклифи ҳақидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди.
Судда нутқ сўзлаган прокурор ўринбосари мазкур масаланинг республика даражасида ўрганилаётгани, Зангиота туман ҳокимига, ҳоким ўринбосари, кадастр ходими ва бошқа бир қатор масъулларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумот бериб ўтди.
Унинг айтишича, ҳокимнинг айнан мана шу ноқонуний қарори ортидан давлатга, жами 1 миллиард 258 миллион сўм зарар етган.
Аҳоли вакилларининг айтишича, мазкур суд мажлиси улар иштирок этган 12-суд ҳисобланади. 40 дан ошиқ кекса ёшли отахон ва онахонлар мана бир йилдан буён судма-суд сарсон бўлишди.
Зангиота тумани ҳокими 15 минг нафар аҳолини мактаб ва боғчасиз қолдирган. Назарбек ҳудудига кирувчи 4 та маҳалла – Форобий, Назарбек, Қиргузар ва Аҳилобод, қўшни Найман МФЙда жами 12000 нафардан зиёд аҳоли яшайди, шундан 2876 нафари мактаб ўқувчилари, 2374 нафари эса 7 ёшгача бўлган ёш болалар, 1101 нафар боғча ёшидаги болаларни ташкил этади. Улар ҳозиргача мактаб ва боғчасиз яшаб келмоқда.
Ҳудуддаги ягона бўш қолган ва собиқ иттифоқ давридаёқ мактаб учун ажратилган ер Зангиота туман ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчиликка зид равишда тадбиркор учун замонавий турар жойлар қуриш учун ажратиб берилган. Зангиота туман ҳокимлиги Президентнинг беш ташаббусга оид фармони юзасидан мактаб, боғча, кутубхона қуриш учун тадбиркорга ерни 0 қийматда берган. Бир ҳафта ўтиб эса, туман ҳокими ер учун чиқарган қарорини “замонавий турар жойлар” қуриш учун кўринишида ўзгартиради.
Энг қизиғи, туман ҳокимининг қарори Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Зангиота туман прокуратураси томонидан амалдаги қонунчиликка зид экани кўрсатилиб, протест киритилган бўлса-да, тадбиркорлар қурилиш ишларини шу пайтгача давом эттириб келинаётган эди.
Биз «SkyTech-line» компанияси вакилларига ҳам кўрилган зарар ҳақида савол билан юзландик. Аммо улар интервю беришни хоҳламади.
Зангиота туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси эса “Энди ҳоким жиноий жавобгарликка тортиладими?” қабилидаги саволимизни эътиборсиз қолдирди ва жавоб бермади.